RM Sotheby’s кимошди савдолар уйи ноёб Mercedes-Benz SLR McLaren Stirling Moss’ни сотувга қўйди. Карбон кузовга эга икки эшикли машина 8,5 минг километр йўл босган бўлиб, унга охирги маротаба 2020 йилнинг февралида техник хизмат кўрсатилган. Мазкур спидстер 1,9-2,2 миллион еврога баҳоланмоқда, деб хабар берди Motor.
Сотувга қўйилган Mercedes-Benz SLR McLaren Stirling Moss — британиялик таниқли пойгачи Stirling Moss шарафига 2009 йили 75 нусхада ишлаб чиқарилган спидстерлардан бири ҳисобланади. Оригинал кузовга эга икки эшикли машина фақатгина оддий купе ва SLR родстерлари эгаларига сотилган бўлиб, бундан 10 йил олдин унинг нархи 1,2 миллион евро турган.
Ўтган давр мобайнида SLR McLaren Stirling Moss уч маротаба «яшаш жойини» ўзгартирган: суперкарнинг биринчи эгаси Люксембургда яшаган, иккинчиси — Яқин Шарқда яшаган коллекционер бўлган. Автомобильни сотувга қўйган ҳозирги эгаси эса Германияда истиқомат қилади. 2012 йилда спидстер Мille Мiglia пойгасида иштирок этган бўлса-да, у ҳозирга қадар 8,5 минг километр йўл босган.
SLR McLaren Stirling Moss техник жиҳатдан SLR 722 Edition’ни такрорлайди, бироқ 5,4 литрли V8 компрессор кучи оширилиб, 660 от кучига етказилган. Композит кузов эса машина оғирлигини 200 килограммга туширишга ёрдам берган. Спидстер соатига 100 километр тезликка 3,5 сонияда эриша олади, максимал тезлиги эса 350 км/соатга тенг.
SLR McLaren Stirling Moss нархи ўн йил ичида икки баробарга ошган: RM Sotheby’s бўйича унинг нархи 2,2 миллион еврога етиши мумкин. Бироқ 14—22 июль кунлари ўтказилган савдоларда ноёб спидстерга харидор чиқмаган.
Изоҳ (0)