Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Масъулияти чекланган жамиятлар облигация чиқариш ва жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги тегишли қонунни 21 июль куни имзолади, деб хабар беради «Халқ сўзи Online».

Фото: «Халқ сўзи Online»

Фото: «Халқ сўзи Online»

Ҳужжат билан, хусусан, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги ҳамда «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш киритилган.

МЧЖларга корпоратив облигациялар чиқариш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифни 2019 йилнинг ноябрида Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги берган эди. Ўшанда чекловларнинг бекор қилиниши бизнесга альтернатив молиялаштириш манбасини тақдим этиши таъкидланганди.

Шунингдек, қонун билан корпоратив облигацияларни чиқариш шароитига ҳам ўзгартириш киритилган. Шундай қилиб, энди облигациялар миқдори эмитентнинг устав капитали миқдоридан ошиб кетиши мумкин, бироқ эмитент бу миқдордан ортиқ бўлган гаров таъминоти тақдим этиши керак.

Эмитентлар фақат ўтган бир йил учун рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг ижобий кўрсаткичларига эга бўлиши керак (олдин уч йил эди).

Инфратузилма облигациялари олдингидек шароитда чиқарилаверади. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик корхоналар, шунингдек, давлат корхоналари инфратузилма облигацияларини чиқаришда Молия вазирлиги билан келишиши керак.

Маълумот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритадиган масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) кўринишидаги 148 мингдан ортиқ корхона мавжуд.

Изоҳ
Асосий янгиликлар