«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
10:25, 23.07.2020 95978

Болливуднинг энг мустаҳкам ва намунали оилалари (фото)

Тўй бўлганига ҳеч қанча бўлмай ажралишлар кўпайиб кетаётган бир вақтда узоқ йиллардан бери бахтиёр ҳаёт кечириб келаётган жуфтликлар севгиси ва садоқатига, турли вазиятларни енгган Болливуд юлдузларига қойил қолмай илож йўқ.

Амитабҳ Баччан ва Жая Баччан

Фото: Bollywoodtime

«Занжир» фильмининг суратга олиш жараёнида танишган жуфтлик 1973 йил турмуш қурган. Орада турмуш ўртоғининг актриса Рекҳага илакишиб қолгани ҳақида миш-мишлар тарқалганига қарамай Жая оилани сақлаб қолишга муваффақ бўлган. 40 йилдан бери аҳил ҳаёт кечираётган Баччанлар бир-бирига бўлган муносабатларини бошқаларга кўз-кўз қилишни истамайди, аммо уларнинг оиласи мустаҳкамлигига ҳавас қилса арзийди.

Шоҳрух Хон ва Гаури

Фото: Bollywoodtime

Болливуд қироли, бўлажак рафиқаси унга турмушга чиқиши учун 6 йил кетидан юришига тўғри келган ва шундан кейин жуфтлик 1991 йилда муносабатларини никоҳ билан мустаҳкамлаган. 29 йилдан буён севиб-севилиб яшаб келадиган юлдузли оиладан бошқалар ўрнак олса арзийди.

Риши Капур ва Ниту Сингҳ

Фото: Bollywoodtime

1979 йилда турмуш қурган юлдузларнинг иккиси ҳам ўша вақтда машҳур эди. Тўйдан кейин жуфтликнинг тез орада ажралиб кетиши ҳақида тахминлар пайдо бўлган, лекин юлдузлар бунинг нотўғри эканини исботлаган. Улар ўртасидаги севги ҳаётнинг аччиқ-чучук вазиятларини енгиб ўтишга ёрдам берган. Ниту турмушга чиққанидан кейин карьерасини тўхтатиб ўзини оила ва фарзандларига бахш этган. Кейинроқ у «Севги кеча ва бугун» фильмида эри билан бирга эпизодик рол ижро қилган.

Риши ва Ниту Капурлар актёрнинг 2020 йилда саратон туфайли оламдан ўтгунига қадар, яъни 40 йил бахтли ҳаёт кечирган.

Дилип Кумар ва Сайра Бану

Фото: Bollywoodtime

53 йилдан буён бахтли турмуш кечириб келаётган жуфтликка қойил қолса арзийди. Карьерасининг гуллаб-яшнаган вақтида турмуш қурган юлдузлар оилани ҳамиша муқаддас деб билган.

Бони Капур ва Шридеви

Фото: Bollywoodtime

90 йилларнинг машҳур актрисаларидан бири бўлган Шридевининг гўзаллиги Бони Капурни ўзига мафтун қилган. Актёр актрисанинг оила қуришга розилик беришини 15 йил кутган. Улар Бони оилали ва икки фарзандли бўлишига қарамай оила қурган. Жуфтлик 2018 йилда Шридевининг фожиали ўлимига қадар 21 йил бахтли ҳаёт кечирган.

Ажай Девган ва Кажол

Фото: Bollywoodtime

1999 йилда турмуш қурган жуфтликнинг феъл-атвори бир-биридан фарқ қиларди. Актёр оғир-босиқ ва камгап, актриса бўлса киришимли ва сергап бўлган. 21 йилдан бери бахтли ҳаёт кечириб келаётган жуфтлик, бугунги кунда икки фарзанднинг ота-онаси.

Дхармендра ва Ҳема Малини

Фото: Bollywoodtime

«Кўркам ва қайсар» фильмининг суратга олиш жараёнида Дхармендра ва Ҳема Малини ўртасида севги пайдо бўлган. Аммо Дхармендранинг оиласи ва икки фарзанди бўлгани учун ҳам Ҳема муносабатларга рози бўлмаган. Орадан 10 йил ўтибгина — 1980 йилда жуфтлик турмуш қуришга муваффақ бўлган.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c