Ўзбекистонда 15 июль соат 23:30 дан 16 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 485 та ҳолат қайд этилди. 8 июлдан бери беморлар сони мунтазам равишда 400 нафардан ошмоқда, 13 июлда эса 594 кишида вирус аниқланиб, антирекорд ўрнатилганди. Янги аниқланган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 15 066 нафарни ташкил этмоқда.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 97 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
- 349 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 245 нафар, Сурхондарё вилоятида — 35 нафар, Тошкент вилоятида — 34 нафар, Қорақалпоғистонда — 17 нафар, Наманган вилоятида — 9 нафар, Навоий вилоятида — 6 нафар, Фарғона вилоятида — 3 нафар);
- 39 нафари аҳоли орасида (барчаси Тошкент шаҳрида) аниқланган.
Тошкент шаҳрида кун давомида 284 та янги ҳолат қайд этилди. Ушбу ҳолатларнинг 245 таси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 39 таси аҳоли орасида аниқланди. Бир кунлик танаффусдан сўнг пойтахтда яна аҳоли орасида касалликни юқтириб олиш ҳолати қайд этилишни бошлади. Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказган 15 июль куни аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмаганди.
Йиғилишдан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан эълон қилинди. Шу фармойишда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини кетаётгани таъкидланган.
Ҳайфсан олган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 июль куни Ибн Сино номидаги 1-сонли шаҳар клиник шифохонасида бўлиб, ундаги шароитлар билан танишди ҳамда COVID-19 билан хасталанган фуқароларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Ҳоким Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам хизмати диспетчерлик марказида ҳам бўлиб, келиб тушаётган мурожаатларнинг қабул қилиниш жараёнини кўздан кечирган.Сурхондарё вилоятида кун давомида аниқланган 35 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилди. Июль ойининг ўзида вилоятда 157 кишида касаллик аниқланди. Бу Сурхондарёда аниқланган барча касалланиш ҳолатларининг 61 фоизи деганидир.
Тошкент вилоятида июль ойининг бошидан 7 июлгача аҳоли орасида 78 кишида касаллик аниқланди. Бироқ шундан сўнг ҳозиргача аҳоли орасида ҳам, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида ҳам янги ҳолатлар қайд этилмаётганди. Тошкент вилоятида 7 июлдан сўнг фақат хориждан келиб карантинга олинганлар орасида коронавирус аниқланаётганди (фақат 9 июль куни халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида 7 та ҳолат қайд этилди, аслида булар ҳам хориждан келган). 8 кун давомида Тошкент вилоятида янги ҳолатлар қайд этилмади. Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус беморлари ва қурбонлари кўпаяётгани сабабли йиғилиш ўтказгач, Тошкент вилоятида 16 июль куни коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 34 та ҳолат қайд этилди. Президент иштирокидаги йиғилишда Тошкент вилоятида 15 июль ҳолатига кўра 1498 киши касалланганлиги айтилганди, энди касалланганлар сони 1532 нафарни ташкил этмоқда.
Қорақалпоғистондаги 17 та ҳолат коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. Июль ойида мазкур ҳудудда касалланганлар сони 101 нафарга кўпайди, бу ушбу ҳудуддаги жами касалланишларнинг 40 фоизига тенг.
Наманган вилоятида аниқланган 9 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилди. Вилоятда 12 июлдан 15 июлгача ҳар куни аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кузатилаётганди. Наманганда июль ойида 173 кишида коронавирус қайд этилди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 37 фоизидир.
Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 6 та ҳолат аниқланди. Вилоятда 13 июлдан буён мунтазам равишда янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Навоий вилоятидаги жами касалланиш ҳолатларининг 23 фоизи июлда аниқланди.
Фарғона вилоятида қайд этилган 3 та ҳолат коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланди. 6 июль куни аҳоли орасида 3 кишида касаллик аниқланиб, Фарғонага коронавирус қайтганди. Ўшандан кейин вилоятда 9, 10 ва 13 июль кунлари ҳам янги касалланиш ҳолатлари кузатилган ва бу кунларда аҳоли орасида коронавирус аниқланаётганди. 6 июлдан бери Фарғонада касалланганлар сони 21 нафарга кўпайди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 12 фоизига тенг.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар билан яқин масофада бўлганларни огоҳлантирувчи мобил дастур яратилди
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
Кун давомида ССВ 3 та ўлим ҳолати ҳақида хабар берди. Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтириб олган ИИВнинг яна бир ходими вафот этгани ҳақида ИИВ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди. Икки кундан буён фақат эркакларнинг вафот этаётгани ҳақида хабар берилмоқда.Биринчи ўлим. Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи 55 ёшли Ш.А. исмли эркак 12 июль куни 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасидан оғир аҳволда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота туман кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Аҳволи ўта оғирлиги сабабли бемор зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган ҳамда сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, у ўткир нафас, сурункали жигар-буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.
Иккинчи ўлим. Коронавирусга чалингани тасдиқланган яна бир ички ишлар органи ходими 12 июль куни вафот этган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Дарё»га маълум қилди.
«ИИВ раҳбарияти ва шахсий таркиби Тошкент шаҳар Сергели тумани бўйича ИИО ФМБ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш гуруҳи катта мутахассис-муҳандиси подполковник Абдулазиз Абдуваҳобович Тошевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади ИИВ матбуот хизмати томонидан 16 июль куни эълон қилинган таъзияномада.
ИИВ матбуот хизматидан маълум қилишларича, подполковник Абдулазиз Тошев бошқа касалликдан даволаниш мақсадида касалхонага ётқизилган, у даволаниш давомида коронавирусга ҳам тест топширган ва тест мусбат натижа берган. Подполковник Тошев 15 июль куни 42 ёшга тўлган бўларди.
Ушбу ўлим ҳолати ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тунда ахборот берди.
«Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи 42 ёшли фуқаро Т.А. исмли эркак шу йилнинг 29 июнидан 12 июлга қадар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик бўлимида ўткир панкреатит, ўт қопи жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш амалиёти, геморагик панкранекроз, ошқозоности безини дренажлаш ташхиси билан даволанган. Шунингдек, бемордан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган.
Унга ўткир тотал ёғли панкреонекроз, ўткир холетцистит, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида тиббиёт мутахассислари томонидан консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, икки томонлама пневмониядан вафот этган», — дейилади ССВ хабарида.
Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи 53 ёшли Ш.А. исмли эркак 6 июль куни ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, бош оғриғи, ҳансираш пайдо бўлгач, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва беморда COVID-19 тасдиқланган. Шундан сўнг у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанишни бошлаган.
Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда, шунингдек, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, семизликнинг 2—3-даражаси борлиги ҳам қайд этилган.
Сўнгги кунларда беморнинг аҳволи ёмонлашган, зудлик билан ўпка, юрак реанимацияси амалга оширилган. Ўтказилган муолажага қарамасдан, юрак ритми тикланмаган ва бемор ўткир юрак-қон томир ҳамда нафас етишмовчилигидан вафот этган.
Тўртинчи ўлим. Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев коронавирус асоратларидан вафот этгани маълум бўлди. Унинг вафоти ҳақида 13 июль куни хабар берилганди. ССВ унда коронавирус бўлганини 16 июль куни тасдиқлади.
«Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли фуқаро А.А. (эркак) тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, умумий ҳолсизлик сабабли COVID-19 инфекциясига намуна топширган. 5 июль куни унда COVID-19 тасдиқланган ва шу куни Тошкент шаҳридаги Ибн Сино номли 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган.
12 июль куни ўткир нафас етишмовчилиги ҳисобига реанимация бўлимига ўтказилган. Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамай, бемор икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги сабабли вафот этди», — дейилади ССВ хабарида.
Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 75 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус асоратларидан вафот этганлар сони 76 нафарни ташкил этмоқда. «Дарё» 15 июль куни Давлат хизматлари агентлигига таяниб, агентликнинг Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими Адҳамжон Деҳқоновнинг коронавирус оқибатида вафот этганини хабар қилган. Ушбу ўлим ҳолати ҳозирча ССВ томонидан тасдиқланмаган, аммо вазирлик ўлим ҳолатларини бир неча кун кечикиб бериши ҳолатлари кузатилмоқда. Подполковник Абдулазиз Тошевнинг ўлими 4 кун, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаевнинг вафоти 3 кундан кейин берилгани бунга мисол бўла олади.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 6208 нафар бемордан 58 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони биринчи марта 60 нафардан ошиб кетди. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар сони 51, аҳволи ўта оғир беморлар 6 нафарни ташкил этаётганди.
Касалликдан даволаниш
16 июль куни Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 95 нафар, Наманган вилоятида 10 нафар, Қорақалпоғистонда 9 нафар, Навоий вилоятида 7 нафар, Хоразм вилоятида 4 нафар ҳамда Бухоро вилоятида 3 нафар, жами 128 нафар бемор тузалди. Бир кун олдин беморлар тузалиши бўйича рекорд ўрнатилиб, 16 июль кунгига нисбатан 200 нафар кўп бемор тузалганди (ўшанда 328 нафар бемор ушбу касалликни енгган).Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 15 066 нафар бемордан 8783 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 58 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта бу қадар паст кўрсаткич 1 май куни кузатилганди.
Коронавирусдан даволанаётган беморлар сони илк марта 6000 нафардан ошиб кетди. Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.
Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов вилоят аҳолисига қилган мурожаатида 60 нафарга яқин фуқаро бирламчи аниқланган бемор сифатида уй шароитида даволанаётганини айтган.
Айни пайтда 6208 нафар бемордан 5310 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида даволанмоқда. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тайёрланган захира койка-ўринлар етмаяпти. «Ҳозир бошқа профилдаги клиникаларнинг профилини ўзгартириб, у ерларга ҳам беморларни ётқизишга мажбур бўляпмиз», — деди Оқилов.
Президент 15 июль куни ўтказилган йиғилишда Зангиота туманида яқинда иш бошлаган шифохонадаги жой сонини яна 1000 ўринга кўпайтириш бўйича топшириқ берганди.
Фарғонада 13, Хоразмда 21, Жиззахда 22, Навоийда 48, Бухорода 57, Қорақалпоғистонда 71, Сурхондарёда 93, Самарқандда 129 ва Қашқадарёда 131, Наманганда 144 ва Андижонда 173 нафар бемор қолди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга COVID-19’га қарши 200 минг қадоқда Японияда ишлаб чиқарилган «Авиган» («Фавипиравир») дори воситаси келтирилди.
Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда хусусий ва нодавлат клиникаларга ҳам COVID-19 билан касалланган беморларни даволаши учун шароит яратилиши маълум қилинди.
Изоҳ (0)