Сенатор Робахон Маҳмудова Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимини эгаллагани ҳақида аввалроқ «Дарё» ўз манбаларига таяниб хабар берганди. Ўзбекистон Сенатининг тегишли қарори 13 июль куни қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Робахон Маҳмудова.

Фото: «Дарё»

Сенат қарорига кўра, Робахон Маҳмудова 10 йил муддатга Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Сенатининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди.

Робахон Маҳмудова 2020 йилнинг январида Фарғона вилоятидан сенатор этиб сайланган, кейинроқ Ўзбекистон Сенатининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимига сайланганди. 2020 йил март ойида «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени билан тақдирланган.

Робахон Маҳмудова 1968 йили Фарғонада туғилган. У меҳнат фаолиятини қуйи судлардан бошлаб, Олий суд судьясигача бўлган йўлни босиб ўтган, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси вазифасида ишлаган. 2020 йил январигача Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимида фаолият кўрсатган.