Ўзбекистонда 12 июль соат 17:00 ҳолатига кўра расман 5073 киши коронавирусдан даволанмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Қайд этиш жоиз, жами касалланиш ҳолатлари сони 12 855 тага етган.
«Ҳозирда мамлакатимизда 5073 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида. Уларнинг қанчаси оғир ва ўта оғир аҳволда эканига аниқлик киритилмаган. Соат 10:00 даги ахборотда 45 нафар беморнинг аҳволи оғир, 7 нафариники эса ўта оғир экани маълум қилинган эди.
Шу билан бирга, ушбу беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз кечаётгани ҳам маълум қилинмаган. Маълумот учун, 5 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморлар уй шароитида даволаниши мумкин, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.
Аввалроқ Республика махсус комиссияси 10 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати коронавирусга чалинган янги беморларни қабул қилиш учун етарли эмаслиги, «тизимни қайта тиклаш» учун 1 августгача кучайтирилган карантин тартиби қайтадан жорий этилганини маълум қилган эди. Ўша вақтда коронавирусдан даволанаётган беморлар сони расман 3986 нафар эди.Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг фикрича, Ўзбекистонда коронавирус ҳали энг юқори чўққиси чиқмаган. Профессор Ҳабибулла Оқиловнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистонда кунига 1—1,5 мингта касалланиш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизимимиз «қўшни мамлакатларники каби» қулайди.
Эътиборга молик томони, профессор Оқилов 8 июль куни қилган чиқишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар «поёнига етгани», бўш койка-ўринлар қолмаганини маълум қилган эди. 9 июлдаги брифингда эса Оқилов «койка-ўринлар, дори захираси мавжуд»лигини, тизим «ҳар қанча беморни қабул қила олиши»ни таъкидлади.
Изоҳ (0)