Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида симоб моддасини ноқонуний равишда сотган шахслар ушланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Чироқчи туман бўлими томонидан ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида фуқаро Ш.У. фуқаро Х.га 625 грамм симоб моддасини 3 минг долларга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Шунингдек, симоб моддасини муомалага киритган шахсларни аниқлаш мақсадида фуқаро Ш.У.нинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилган.
Натижада Ш.У.нинг Қарши туманида яшовчи таниши Х.Б. унга яна 50 грамм симоб моддасини 900 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ш.У. ва Х.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 185-1-моддаси (рангли металлар, уларнинг парча ва резги чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузиш) ва 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.Аввалроқ Навоийда сохта симоб моддасини 25 минг долларга, Бухорода эса 540 грамм симобни 50 минг долларга ноқонуний равишда сотаётган шахслар қўлга олингани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)