Сардоба фалокатидан жабр кўрган аёл 2 фарзанди билан кўчада қолгани, на ваъда қилинган пул ва на уйни «ремонт» қилиб берилганидан шикоят қилиб, мурожаат йўллагани тўғрисида хабар берилганди. Сардоба туман ҳокимлигининг «Дарё»га маълум қилишича, фуқаронинг мурожаати туман ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, «Юртдош» маҳалласи фаоллари ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган.

Кадр: Telegram

Маълумотларга кўра, ўрганиш давомида фуқаро Гулноза Муратова турмуш ўртоғи Нодир Муратов ҳамда 2 нафар фарзанди билан «Юртдош» МФЙ Ораста кўчасидаги рақамсиз хонадонда бирга истиқомат қилгани аниқланган. Ишчи гуруҳ томонидан сув тошқинидан талафот кўрган хонадонларни ўрганиш жараёнида фуқаро Гулноза Муратованинг яшаш уйида ҳеч ким бўлмаганлиги, турмуш ўртоғи Россияга ишлаш учун кетганлиги, оилавий келишмовчиликлар сабабли қайнатаси уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини ўзининг номига расмийлаштириб олганлиги маълум бўлган.

Аммо ушбу хонадонда фуқаро Гулноза Муратова доимий истиқомат қилиб келган, сув тошқини оқибатида талафот кўрган хонадонлар рўйхатига киритилганлигига қарамай, ушбу кўчада фуқаро Норбой Муратов (қайната) доимий истиқомат қилган хонадон ҳам ўзининг номида бўлган. Бир фуқаро номига икки марта банк пластик картаси расмийлаштирилмаслиги сабабли компенсация пули ҳамда маиший техникалар учун сертификатлар берилмаган.

Қайта ўрганиш давомида фуқаро Гулноза Муратова доимий истиқомат қилган хонадони тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан имзоланган талафот кўрган хонадонларнинг қўшимча рўйхатига киритилган. Яқин кунлар ичида Президент томонидан моддий ёрдам сифатида берилаётган 40 миллион сўмлик компенсация пули ҳамда маиший техникалар учун сертификатлар берилади.

Маълум қилинишича, Гулноза Муратовага Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида қурилаётган янги кўп қаватли хонадонлардан бири берилади.

Маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятидаги зарар етган хонадонларни таъмирлашга (1773 та уй) 123 миллиард сўм йўналтирилади, шунингдек, яна 3 та янги уй-жойлар даҳаси қурилади, унинг ичидан 1 та мактаб, 66 та уй, 1 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда битта қишлоқ оилавий поликлиникаси жой олади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 15 май куни Сардоба туманига амалга оширган ташрифи давомида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашиб, фалокатдан жабр кўрган аҳолига 40 миллион сўмлик сертификатларни топширган эди. 2 июнь ҳолати бўйича, Сардоба фалокатидан жабрланган 4025 киши Президент томонидан берилган 40 миллион сўмни олган, қарийб 68 минг киши ўз уйига қайтган.