Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль, чоршанба куни видеоселектор йиғилиши ўтказди. Йиғилишда Президент коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб, касаллик жуда мураккаб синов ва унга қарши кураш эса оғир бўлишини таъкидлаб ўтди.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир ‘сеҳрли рецептлар’ ҳали йўқ.

Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.

Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 10 982 нафарга, соғайганлар сони 6890 нафарга етди.

Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Лекин бу хотиржамликка берилиш, бу масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак.

Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2167 нафарга кўпайган. Шундан 1267 та (58 фоиз) ҳолат аҳоли орасида аниқланган.

Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт.

Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади.

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, темир интизом билан қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.

Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти.

Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.

Жойларда ‘яшил’, ‘сариқ’ ва ‘қизил’ ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти.

Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Республика комиссияси вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан бирга пандемияни жиловлаш бўйича барча чораларни кўриши шарт.

Тегишли раҳбарлар ўзига бириктирилган ҳар бир вилоят кесимида аҳолининг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан, жойига чиққан ҳолда, назорат ўрнацин.

Албатта, биз қўшни давлатларда маълум сабабларга кўра қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни кўрамиз.

Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин.

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!

Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт.

Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз ‘Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!’ деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.

Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинади. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланади, автотранспорт ҳаракати чекланади, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилади, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилади, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилади, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлади.

Ўзбекистонда 2020 йил 8 июль соат 17:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилган беморлар сони 144 кишига кўпайиб, 10 982 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда айни пайтгача коронавирус инфекциясига чалинган 6888 нафар фуқаро соғайган, коронавирусдан вафот этган беморлар сони эса 42 нафарга етди.