«Абу Сахий» бозори маъмурияти ишчилари ва савдогарларида коронавирус аниқлангани боис бозор профилактика учун ёпилгани ҳақида хабар берилган эди.
Лекин бозорда ишловчи савдогарлар бу хабарларни рад этиб, бозор доимгидек режимда ишлаётганини таъкидлаган.
Тармоққа бу ҳақда видео жойлаган савдогарлардан бирининг айтишича, бозорда фаолият юритадиган сотувчиларнинг 95 фоизи ўз дўконларида савдо ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 июль куни савдо маркази маъмурияти ишчилари ва бу ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлардан коронавирус инфекциясига намуна олинган. Тест таҳлиллари натижасига кўра, бир неча ходимларда коронавирус инфекцияси борлиги аниқлангани айтилган эди.
Маълумот учун, «Абу Сахий» буюм бозори 16 июндан бошлаб ишга тушганди. 29 июнь куни ушбу бозор ходимида коронавирус аниқланганди. 6 июль куни эса «Чорсу» буюм бозори ва «Пойтахт» савдо мажмуаси сотувчисида коронавирус аниқланган.