Жиззах вилоятида автобус ҳамда Nexia иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилди.
Хабарда қайд этилишича, 5 июль куни соат 15:40 ларда, Жиззах шаҳридаги Олмазор ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида автобус ва Nexia тўқнашган. 1975 йилда туғилган Б.С. бошқарувидаги автобус 1993 йилда туғилган Б.Ф. ҳайдаб келаётган енгил автомобилга урилиши оқибатида ағдарилган.
Автобус ичида 3 нафар йўловчи бўлган. Тўқнашувда тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур йўл транспорт ҳодисаси юзасидан Жиззах шаҳар ИИО ФМБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда 15 ёшли ҳайдовчи «Камаз»да автобусни уриб кетиши оқибатида 2 киши жароҳатлангани ва шифохонага етказилгани, 7 май куни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Nexia ва автобус тўқнашгани, оқибатда Nexia ҳайдовчиси 48 ёшли М.А. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этгани, 9 июнь куни 31-йўналишда ҳаракатланувчи Isuzu автобуси «КамАЗ» ортидан урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани автобус ҳайдовчиси К.Н. ва унинг чиптачиси А.Ф. тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат қилгани ҳақида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)