Иккинчи жаҳон уруши ҳал қилувчи паллага келганда АҚШ махсус хизматлари Германиянинг илмий-техник ва технологик ютуқларини ўз мамлакатига кўчириб келиш учун махсус операцияни тайёрлашга киришди. «Дарё» катта махфийлик билан амалга оширилиши режалаштирилган «Дарпарда» операцияси ҳақида ҳикоя қилади.
Иккинчи жаҳон урушигача бўлган йилларда Германия жаҳоннинг илмий ва техник жиҳатдан энг илғор мамлакати ҳисобланган. Илк дирижабллар, ядровий парчаланиш реакцияси, минерал ўғитлар технологияси ва яна кўплаб мислсиз оламшумул кашфиёт ва ихтиролар айнан шу мамлакатда амалга оширилган. Альберт Эйнштейн, Маск Планк, Вильгельм Рёнтген, Вернер Гейзенберг, Вольфганг Паули, Макс Борн, Лиза Мейтнер сингари ХХ аср биринчи ярмининг энг етук зеҳн эгалари ҳам ушбу мамлакатдан етишиб чиққан.
Бу олимлар, шубҳасиз, дунё илм-фанига тасаввур қилиб бўлмас даражада ҳисса қўшган эди. Қолаверса, ўша пайтлардаги Германия саноати ва иқтисодиётининг 1929–1932 йиллардаги (буюк турғунлик даври) чуқур таназзуллардан кейин тезкор оёққа туриб олгани ҳам, албатта, бу мамлакатдаги илмий техник салоҳиятнинг нақадар катта бўлганидан далолат бериб турибди.
Қизиқ бир фактни ёдга олиб ўтиш керак. Ҳозирда ҳаммамиз исталган маҳсулот ёрлиғида «Made in фалон давлат» ёзувига дуч келамиз. Аксар товарларда бу ёзув «made in China», яъни «Хитойда ишлаб чиқарилган» қабилида бўлади. Маҳсулотларга айнан шу ёзувни тиркаш ғояси ҳам даставвал Германия товарлари учун татбиқ этилганини биласизми?
Гап шундаки, XIX аср охири ва ХХ аср бошларида, айниқса, 1910–1920 йилларда Англияда немис товарларига бўлган талабни сунъий пасайтириш ва бу орқали Германияга иқтисодий зарба бериш мақсадида ушбу мамлакатдан келтирилган товарларга «Made in Germany» ёзувини ёпиштириш амалиёти жорий этилган. Ғояга кўра, одамлар «Made in Germany» ёзуви бор товарга дуч келса, уни сифатсиз деб билиб, сотиб олишдан воз кечиши мақсад қилинган эди.
Бироқ немисларнинг, айниқса, техника маҳсулотлари сифат ва ишончлилик жиҳатидан қолган ҳамманикидан устун эканини оддий истеъмолчилар жуда тез тушуниб етган. Шу сабабли, инглизларнинг ушбу режаси акс натижа бериб, одамлар муайян маҳсулот Германияники бўлса, у, албатта, жуда сифатли бўлишини шу баҳона билиб олишган эди.
Ҳозирда ҳам илм-фан ва техника соҳаларида энг етакчилардан бири бўлмиш ушбу давлат Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидаги мағлубият ва асосан ўз ичкарисида юзага келган ғайриинсоний сиёсий тузум эвазига ушбу технологик етакчилик мақомидан мосуво бўлди. Яхши биламизки, ҳозирда жаҳоннинг иқтисодий ва технологик жиҳатдан энг етакчи мамлакати бу – АҚШ ҳисобланади. Албатта, Европа давлатлари, Япония ва сўнгги йилларда Хитой ҳам бу борада Америка Қўшма Штатларига рақобат қилишга уриниб келмоқда. Бироқ кимгадир ёқадими-йўқми, ҳозирда АҚШнинг технологик устунлиги сезиларлидир.
Хўш, бунга асосий омил нима деб ўйлайсиз?
Юқорида Германия ҳақида бежизга сўз очмадик. Тарихан илк муваффақиятли ядровий парчаланиш реакцияси ҳам 1938 йилда Германияда уддаланган. Ўшанда немис олимлар Отто Ган ва Фриц Штрассман биргаликда Уран-235 изотопида занжир ядро реакциясини йўлга қўйишни амалда бажаришига бир бахя қолган эди. Улар фақат масаланинг назарий ҳисоб-китобларини, яъни критик массани аниқлаш борасида ҳали аниқ бир натижани ололмаган эди холос. Бу жуда қалтис ҳолатни юзага келтирган бўлиб, Германия амалда илк атом бомбасига эга чиқиши ҳеч гап эмас эди.
Ташқарида эса аллақачон фашизм ва натсизм қулоч ёйган, мамлакат ҳукумати тепасига цивилизация тарихидаги эҳтимол энг радикал, манфур кимсалар келиб қолганди. Уларнинг қўлига ушбу атом бомбаси тушиб қолганда борми?! У ёғини одам ўйлагани ҳам қўрқади... Германияда атом бомбаси кўринишидаги оммавий қирғин қуролини яратишга жуда яқин келингани ва бунга немисларда тўла потенциал мавжудлиги ҳақида ўша пайтдаёқ АҚШ разведкасида етарлича маълумотлар бўлган.
1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ўзининг ҳал қилувчи палласига кирган, 1944 йилга келиб эса энди Германиянинг мағлубияти аниқ бўлиб қолган эди. Учинчи рейхнинг қулаши шунчаки вақт масаласи бўлиб, иттифоқчилар аллақачон урушдан кейинги дунёнинг геосиёсий манзараси юзасидан мунозараларга киришган бир пайтда, АҚШ махсус хизматлари Германиянинг илмий-техник ва технологик ютуқларини ўз мамлакатига кўчириб келиш, шунингдек, немис олимларига ва малакали мутахассисларига бошпана бериш бўйича йирик махсус операцияни тайёрлашга киришади. Катта махфийлик билан амалга оширилиши режалаштирилган ўша операцияга «Дарпарда» (Overcast) операцияси деб ном берилган.
Шу мақсадда АҚШ жосуслари 1944 йилнинг ноябридаёқ иш бошлаган ва дастлабки босқичда асосан саноат-техник разведкасини амалга ошириб, авиатехник ишланмаларни излаб топиш ҳамда бошқармага бу борада ахборот етказиш билан шуғулланган. АҚШ стратегик хизматлари бошқармаси эса немис мутахассислари ва олимларини яширин равишда АҚШга етказиб келишни кўзда тутадиган JIOA (Joint Intelligence Objectives Agency) операциясини ҳам ишга туширган.
АҚШ махсус хизмати ходимлари бутун Германия бўйлаб баллистик ракеталар, кемалар, сувости кемалари, самолётлар ва уларнинг чизмаларини, турли технологик ишланмаларнинг архив ҳужжатларини ва уларни яратишда иштирок этган мутахассисларни, учувчиларни ҳамда ядровий технологияларга алоқаси бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай мутахассисларни излаб топиб, улар ҳақида штабга маълумот жўнатиш билан шуғулланган.
1945 йилнинг 8 май куни фашистлар Германияси расман капитуляция берганидан кейин эса энди урушнинг асосий ғолиби сифатида СССРнинг Германиядаги кўплаб нарсаларга, шу жумладан, илмий ютуқларга ҳам эга чиқиши хавфи юзага келади. Америкаликлар технологик ютуқларни советлар қўлига ўтиб кетишини истамас эди. Шу сабабли ҳам АҚШ «Дарпарда» операциясини тезкорлик билан амалга оширишга киришади ва 1945 йилнинг 6 июль куни аввалдан йиғилган маълумотлар асосида Германиядан юқори малакали мутахассисларни ва техник ишланмаларни эвакуация қилишни бошлайди.
Даставвал америкаликлар 350 нафар немис мутахассисини яширин тарзда Америкага келтиришни режа қилган. Бироқ 1946 йилга келиб JIOA, аслида, Германияда кучли мутахассислар жуда кўплигини ва қақшатқич урушдан кейин улар жуда мушкул аҳволда (кўпи оч-наҳор ва юпун) қолганини аниқлайди ва «Дарпарда» операциясини кенгайтиришга қарор қилади. Натижада, махсус хизматлар орқали яна минг нафар германиялик ва австриялик немис мутахассислари океан ортига келтирилади.
«Дарпарда» операцияси воситасида олиб келинган, таъбир жоиз бўлса, энг катта «ўлжа» бу илк жанговар баллистик ракеталарни яратган мутахассис Вернер фон Браун бўлган деб баҳоланади. Айтишларича, фон Браун 1945 йилнинг май ойининг биринчи кунларида ўзининг 500 нафар ходимлари билан биргаликда ихтиёрий равишда АҚШ ҳарбийларига таслим бўлган экан. У бунгача Фау-2 баллистик ракеталарини яратгани ва армияга мунтазам равишда етказиб бериб тургани билан машҳур бўлган.
Ўша пайтда эса унинг қўлида янги авлод А-9/А-10 қитъалараро баллистик ракетасининг мукаммал чизмалари ва синов намуналари ҳам бўлган. Аввалига АҚШ ҳарбийлари ушбу гуруҳни Бавария жанубидаги «Дарпарда лагери» деб номланган махсус лагерга жойлаштиради. Бироқ кўп ўтмай ОАВ бу ҳақида хабар топади ва АҚШ ҳукумати фашист ҳарбий жиноятчиларига бошпана бераётганликда айбланиб, қаттиқ танқид ёмғири остида қолиб кетади.
Шунга қарамай, 1945 йилнинг ёзининг ўзида фон Браун ва унинг ракетачилар гуруҳи Техас штатига соғ-омон элтиб қўйилади. Уларга ишланмаларни давом эттириш учун Нью-Мексикодаги ракета полигонида шароит ҳозирлаб ҳам берилади. Вазиятдан яна ОАВ бохабар бўлишининг олдини олиш мақсадида, энди махсус хизматлар «Дарпарда» операциясининг номини «Қистирма» (Paperclip) деб ҳам ўзгартирган.
1955 йилга келиб фон Браунга АҚШ фуқаролиги ҳам берилган. У кейинчалик, АҚШнинг космик дастурларида муҳандис сифатида иштирок этган ва «Сатурн» ракета элтувчисини ишлаб чиқишда унинг ечимларидан фойдаланилган. У NASA директори ўринбосари ҳамда Канаверал космодроми бошлиғи лавозимларида ҳам ишлаган.
«Дарпарда» операциясидан ташқари ҳам кўплаб немис олимлар ўз оёғи билан АҚШга қочиб келганини эътироф этиш жоиз. Лекин уларнинг аксарияти келиб чиқишига кўра яҳудий бўлгани учун фашистлар томонидан таъқиб қилинган бўлган ёки учинчи рейхни танқид қилгани сабабли СС тайзиқларига учраган олимлар бўлган. Альберт Эйнштейн, фон Нейман сингарилар ўзлари АҚШга етиб келган бўлса, Макс Борни сингарилар эса ҳатто Ҳиндистонга қочишга ҳам мажбур бўлган...
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)