Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг фикрича, пандемия даврида мутахассислар тавсияларига амал қилиб, иқтисодий инқирозни четлаб ўтиш мумкин. У бу ҳақда журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айтиб ўтган, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.
«Барча фуқаролар карантин қоидаларига амал қилиши шарт, бу жараён вилоят ҳокимидан бошланиши лозим. Коронавирус ‘одамлар гапига қулоқ солмайдиган’ касаллик бўлиб чиқди. Мен ўйлайманки, энг катта даво шифокорлар, мутахассислар берган тавсиялар асосида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган муҳим ҳужжатларга эътибор бериб, ўша ҳужжатларни синчиклаб ўқиб, амал қилишдир. Ҳеч ким ҳимояланган эмас. Аввало, инсон ўзини ўзи, оиласини, жамиятни ҳимоя қилиши учун мутахассис айтган тавсияларга амал қилиши керак», — деди Фарғона вилояти ҳокими.
Шифокорлар берган тавсияларга амал қилиш пандемия шароитида иқтисодий инқирозга дуч келинмаслигига ҳам хизмат қилади.
«Карантин шароитида яшашни, ишлашни ўрганиб олсак бўлди. Бу бўйича ҳар куни ўз устимизда изланяпмиз», — деган Шуҳрат Ғаниев.
Изоҳ (0)