АОКА штабида ташкил қилинган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб қайтарди.
Жумладан, диплом нострификация қилиш учун ҳужжатларини топширган карантин сабабли имтиҳони қолдирилганлар имтиҳон кунлари қачон бўлиб ўтиши ҳақида савол йўллаган.«Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун тестларнинг дастлабки босқичини синов тариқасида Тошкентга яқин ҳудудларда ўтказиш белгиланди. Унга кўра, тест ўтказиладиган кунлар 2020 йилнинг 18 июндан бошланади. Имтиҳон Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси биносида бўлиб ўтади.
Имтиҳонда ҳуқуқшунослик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш ҳамда ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар соҳалари бўйича синов тестлари ўтказилади.
Инспекция томонидан имтиҳонда иштирок этувчилар рўйхати шакллантирилди. Ушбу рўйхатга Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятининг эпидемиологик жиҳатдан барқарор ҳудудларида истиқомат қилувчи талабгорлар киритилган. Бошқа талабгорлар учун синовлар қачон ва қай тартибда ташкил этилиши бўйича қўшимча ахборот берилади. Синовлар карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади.
Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун белгиланган синов тестларига ўз вақтида келмаган, синов тестида иштирок этувчилар рўйхатида мавжуд бўлмаган талабгорлар ҳамда тиббий ниқоби бўлмаганларга синовларга киришга рухсат этилмайди.
Шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган аризалар асосида кейинги босқичларда эпидемиологик вазият барқарорлашаётган ҳудудларда ҳудуднинг ўзига борган ҳолда тестларни ташкил этиш режалаштирилмоқда», – деди инспекция ахборот хизмати раҳбари.
Изоҳ (0)