«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари» талабларига мувофиқ, тўлов ташкилоти лицензиясига эга бўлган Brio Group МЧЖ OSON электрон пуллар тизимининг оператори сифатида ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур электрон пуллар тизимининг эмитенти бўлиб «Туркистон» хусусий акциядорлик тижорат банки ҳисобланади. Электрон пуллар тизими тўғрисидаги маълумот 16 июнь куни Марказий банкнинг Электрон пуллар тизими реестрига киритилган.
Spot’нинг ёзишича, OSON сўм ёрдамида мобил алоқа, интернет, коммунал хизматлар, онлайн ўйинлар учун тўловларни амалга ошириш мумкин. Сўмни қабул қилишга нафақат глобал, балки миллий сервислар ҳам уланади. Кафе, ресторан ва дўконлар эгалари мазкур тизим ёрдамида нақдсиз тўловларни қабул қилиши ҳам мумкин.
Шунингдек, компаниянинг маълум қилишича, улар халқаро электрон пул тизимлари билан, хусусан, PayPal билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
2018 йилда PayPal нима сабабдан Ўзбекистонда ишлай олмаслиги, мамлакат қонунчилиги жисмоний шахсларга пулларни хорижий валютада сақлашга рухсат бермаслиги, электрон ҳамёнлар эса хориждаги ҳисоб рақамларга тенглаштирилиши ҳақида маълумот берилганди. 2019 йилнинг октябрида эса қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, ўзбекистонликларга хорижда ҳисоб рақам очишга рухсат берилди. Бироқ ҳамон Ўзбекистон PayPal’га уланмаган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)