Швециянинг IKEA супермаркетлар тармоғи тўққизта мамлакат ҳукуматлари билан уларнинг бюджетидан пандемия вақтида ёрдам сифатида ажратилган пулларни қайтариш масаласида музокараларни бошлади. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Компаниянинг кўп сонли дўконларини назорат қилувчи Ingka Group’нинг чакана операциялар бўйича менежери Толга Окнунинг маълум қилишича, ажратилган маблағларни қайтариш бўйича музокаралар Бельгия, Хорватия, Чехия, Ирландия, Португалия, Руминия, Сербия, Испания ва АҚШ ҳукуматлари билан олиб борилмоқда.
Окнунинг айтишича, компания дастлаб савдолар 70-80 фоизга пасайиб кетишини тахмин қилганди, бироқ бу пасайиш юз бермади. Тармоқнинг деярли барча дўконлари очилди ва одамларнинг уй учун маҳсулотлар сотиб олишга интилиши туфайли даромад олишни бошлади.
«Ҳозир энг тўғри иш бизни қўллаб-қувватлаганларга раҳмат айтиш бўлади. Сиз бизни жуда қийин даврда қўллаб-қувватладингиз ва биз ҳам сизга миннатдорчилик билдиришга тайёрмиз», — деди у.
Окнунинг қайд этишича, февраль ойида компания кўплаб дўконларини ёпишга мажбур бўлган, пуллар эса ходимларнинг иш ҳақини тўлаш учун керак бўлган. Унинг сўзларига кўра, инқироз февраль ойида тахмин қилинганидек жиддий бўлмаган. Окну жами қанча пул қайтарилишини маълум қилмаган.
Аввалроқ IKEA компанияси раҳбари карантиндан кейин туғилиш кўпайишини тахмин қилганди.
Изоҳ (0)