Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Сармижон» йўл-патруль масканида Тошкент—Бухоро йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган Isuzu юк машинаси йўловчисининг ёнида қарийб 2 килограмм опий гиёҳвандлик моддаси топилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Isuzu юкхонасида олиб кетилаётган қурилиш моллари орасидан 1,87 килограмм опий гиёҳвандлик моддаси топилган ва у машинада йўловчи сифатида кетаётган 1966 йил Қоракўл туманида туғилган Ғ.Б. исмли шахсга тегишли эканлиги аниқланган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида Ғ.Б. Тожикистондан олиб келинган ушбу гиёҳвандлик моддасини Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи 59 ёшли И.Й. исмли фуқародан 12 минг АҚШ долларига сотиб олганлиги маълум қилган.
Таъкидланишича, шундан сўнг И.Й. ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)