Ўзбекистонда 9 июнь соат 23:00 дан 10 июнь соат 23:00 га қадар 103 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Коронавирус инфекциясини юқтириб олган 103 кишидан

  • 64 нафари карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида;
  • 27 нафари аҳоли орасида (Тошкент вилоятида — 11, Тошкент шаҳрида — 7 , Сирдарё вилоятида — 3, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида — 2, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида — 1 нафардан);
  • 12 нафари хориждан кириб келган халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар орасида аниқланди.

Аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари аввалги кунларга нисбатан кўпроқ ҳудудда қайд этилди — 7 та. Ушбу ҳолатларнинг айримларида коронавирус манбасини аниқлаш учун эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

10 июнь куни АОКА штабидаги брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов нима учун энг кўп коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқланган Тошкент шаҳри «сариқ» ҳудудлигича қолаётганига изоҳ берди. Ботир Қурбоновнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида касаллик қайд этилган маҳалла, мавзе, даҳа ва йирик объектлар бўйича карантин чекловлари ўрнатилмоқда. Унга кўра, жами 513 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 42 таси «қизил» ҳудуд, 132 таси «сариқ» ҳудуд, 339 таси эса «яшил» ҳудудга ажратилган.

Тошкент шаҳридаги «қизил» ҳудудга кирган 42 та маҳалла рўйхати.

Фото: «Ҳудуд информ»

Тошкент шаҳридаги «қизил», «сариқ» ва «яшил»га бўлинган маҳаллаларнинг тўлиқ рўйхати бу ерда.

Коронавирусдан даволаниш

10 июнь давомида 73 нафар фуқаро коронавирусдан соғайди. Улардан 49 нафари Тошкент шаҳри, 8 нафари Навоий, 7 нафари Бухоро, 6 нафари Самарқанд ва 3 нафари Намангандаги тиббиёт муассасаларида даволаниб чиқди.

Маълумот ўрнида, ЖиззахСурхондарё  ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. Қорақалпоғистон (3 нафар бемор) ва Андижон (4 нафар бемор) ҳам коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турибди. Қашқадарёда 6, Бухорода 11, Наманганда 12, Хоразмда 14 нафар бемор қолди.

Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги беморлар эса Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Энг кўп бемор ҳозир айнан Тошкент шаҳрида (876 киши) бўлиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳрида бу борадаги кўрсаткич бир кун аввал 65 фоиз эди. Айни дамда Ўзбекистоннинг тўққиз ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони 1072 нафарга тенг.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4623 нафар бемордан 3532 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 8 июндан бери ўзгаришсиз қолмоқда.

Ўлим ҳолати ва аҳволи оғир беморлар

ССВ 10 июнь куни Тошкент шаҳрида яна бир бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. Самарқандлик А. 2020 йилнинг 27 май куни Санкт-Петербургдан чартер рейс орқали Ўзбекистонга келган ва карантин марказида тиббий кузатувга олинганди. Унда 1 июнь куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланиб, Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган, шу куниёқ унинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган. А. исмли эркак узоқ йиллар давомида ўткир лейкоз, сурункали анемия оғир даражаси ва нафас етишмовчилиги каби касалликлар билан даволаниб келган. Бироқ стандартлар бўйича кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. У Ўзбекистонда коронавирус асоратларидан вафот этган 19-бемор бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг тўққиз ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1072 нафар бемордан 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. ССВнинг 10 июнь соат 10:00 даги ахборотида ҳам беморларнинг 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволдалиги маълум қилинган. 13 соат ичида бу рақамларда ўзгариш бўлмаган, бу орада эса бир бемор вафот этди. ССВнинг бир сутка аввал берган ахборотида аҳволи ўта оғир беморлар сони 2 нафарлиги қайд этилганди.

Карантиндагилар

Шу кунгача жами 454 119 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 407 350 нафари карантиндан чиқарилган. Бир кун ичида карантинга олинганлар сони 4492 нафарга, карантиндан чиқарилганлар 3755 нафарга кўпайди.

Бу орада Наманган вилоятининг Поп туманида 1200 ўринли карантин ҳудуди қуриб битказилди.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 23 157 нафар, стационар карантинда эса 23 612 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.