Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи Аббос Солиев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўғли Аҳрор Солиевга яширинча шаръий никоҳ ўқиганлиги учун уч суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га Андижон вилоят Маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 4 май куни фуқаро Исмигул Султонова турмуш ўртоғи Аҳрор Солиев билан қонуний никоҳи бекор бўлмаса-да, турмуш ўртоғи бошқа фуқаро билан шаърий никоҳ асосида турмуш қурганини айтиб, Булоқбоши туман ИИБга шикоят қилган.
Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Аббос Солиев 2020 йилнинг 3 май куни диний идоранинг махсус рухсатномасисиз Сайёра Фарҳодованинг яшаш хонадонида ўғли Аҳрор Солиев ва унга шаръий никоҳ ўқиб, диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузганлиги аниқланган.
Суд мажлисида Аббос Солиев 2014 йил сентябрь ойида фарзанди Аҳрор Солиевни Исмигул Султоновага қонуний никоҳ асосида уйлантирганлигини, улар турмуши давомида бир нафар фарзандли бўлганини, аммо ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб келини отасининг уйига кетиб қолганини, 2016 йил июнь ойидан буён бирга яшамаслигини айтган. У ўғлининг ёлғиз яшаб, тушкунликка тушиб қолаётганлигини кўриб Россияга ишлаш учун кетиб қолмаслиги учун уйлантириб қўйганини тан олган.
Суд мажлисида сўз олган ота фарзандларини никоҳлатиш мақсадида бир нечта домлаларга мурожаат қилганини, лекин ҳеч ким ноқонуний никоҳ ўқимаслигини айтиб, илтимосига рози бўлмаганини билдирган. Шундан кейин ўзи фарзандига келинининг уйида шаърий никоҳ ўқишга мажбур бўлганлигини айтган.
Мазкур ишни кўриб чиққан суд Аббос Солиевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топиб, унга уч сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам айнан Булоқбоши туманида яшовчи ота ўғли ва келинига шаръий никоҳ ўқигани учун етти суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)