АҚШ ҳукумати полицияни тугатмайди ёки уни молиялаштиришни қисқартирмайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: «РБК»

«Полиция молиялаштиришдан маҳрум қилинмайди, бизнинг полициямиз тугатилмайди», — деди Трамп. Унинг таъкидлашича, АҚШ полицияси мамлакатга «тинчликда яшашга» имкон беради, «полициянинг 99 фоиз ходими эса зўр кишилар».

Қайд этилишича, аввалроқ полиция бюджетини қисқартиришга Нью-Йорк мэри Билл Де Блазио ва Вашингтон мэри Мюриэл Баузер ваъда берган. Полиция томонидан 25 май куни қўлга олиниши чоғида афроамерикалик Жорж Флойд вафот этган Миннеаполисда эса шаҳар кенгаши маҳаллий полицияни тарқатиб юборишни таклиф қилган ва бунинг учун овоз берган. Аввалроқ Жорж Флойд вафотидан сўнг Миннеаполис расмийлари полицияга бўғиш усулини қўллашни тақиқлашга қарор қилган.

Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида 25 май куни Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида полициячилардан бири бўғиш усулини қўллаган ва Флойднинг нафас ололмаётгани ҳақидаги сўзларига эътибор бермаган. Флойд ҳушидан кетган, кейин эса касалхонада вафот этган.

Флойдни қўлга олиш жараёни акс этган видео тарқалгач, Миннеаполисда, кейин эса АҚШнинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бошланди. Баъзи шаҳарларда намойишлар полиция билан тўқнашувларга ва талончиликка айланиб кетди, шу сабабли шаҳарлар маъмуриятлари бир муддат давомида комендантлик соати жорий қилишга, шунингдек, Миллий гвардия аскарларини жалб қилишга мажбур бўлди. Бундай чоралар Нью-Йорк ва Вашингтонда ҳам қўлланилган.