Қозоғистонда ўтган бир сутка ичида яна 245 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, деб хабар беради Tengrinews.

Фото: Reuters

Мамлакат бўйлаб касаллар сонининг ортиши 2 фоизни ташкил этмоқда. Коронавирусга чалиниш бўйича янги ҳолатлар қуйидаги ҳудудларда аниқланган:

  • Олмаота шаҳри — 49 (1,8 фоиз);
  • Қарағанда вилояти — 48 (4,7 фоиз);
  • Нур-Султон шаҳри — 35 (1,5 фоиз);
  • Ғарбий Қозоғистон вилояти — 22 (2,9 фоиз);
  • Чимкент шаҳри — 15 (1,7 фоиз);
  • Олмаота вилояти — 11 (2,7 фоиз);
  • Манғистов вилояти — 11 (3,6 фоиз);
  • Атирау вилояти — 10 (0,9 фоиз);
  • Шарқий Қозоғистон вилояти — 9 (5,7 фоиз);
  • Жамбил вилояти — 7 (1,7 фоиз);
  • Ақтўбе вилояти — 6 (1,6 фоиз);
  • Ақмўла вилояти — 5 (3 фоиз);
  • Павлодар вилояти — 5 (2,2 фоиз);
  • Туркистон вилояти — 5 (1,3 фоиз);
  • Костанай вилояти — 4 (2,1 фоиз);
  • Қизилўрда вилояти — 3 (0,7 фоиз).

Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 12 312 кишига етган. Ҳозирга қадар 6606 киши соғайган, 52 киши вирус қурбонига айланган.

Қирғизистонда ўтган бир сутка ичида яна 37 кишида коронавирус аниқланди, деб хабар беради Kloop.

Коронавирусга чалинган янги касалларнинг 14 нафари Бишкекда қайд этилган. Шунингдек, қуйидаги ҳудудларда ҳам вирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланган:

  • Чуй вилояти — 7;
  • Норин вилояти — 6;
  • Ўш вилояти — 5;
  • Иссиқкўл — 3;
  • Ўш шаҳри — 1;
  • Боткен вилояти — 1.

Касалларнинг 17 нафари четдан, асосан, Россиядан кириб келганлар. Яна 12 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлган шахслар. Саккизта ҳолатда инфекциянинг юқиш манбаси аниқланмаган.

Ўтган бир суткада давомида 48 киши коронавирусдан соғайган. Шу билан бирга, Ўш шаҳрида 34 ёшли, Бишкекда эса 84 ёшли бемор коронавирус оқибатида вафот этган.

Бутун мамлакат бўйлаб COVID-19 билан касалланганлар сони 1936 кишига етди, уларнинг 22 нафари вирус қурбонига айланган. Ҳозирга қадар 1340 нафар бемор даволанишга муваффақ бўлган, 574 киши стационарларда қолмоқда.

Тожикистонда 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони яна 98 кишига ортиб, касалликка чалинганларнинг жами сони 4289 кишига етди, деб хабар беради «РИА Новости».

Маълумотларга кўра, мамлакатда ҳозирга қадар COVID-19 билан касалланган 2401 бемор даволанишга муваффақ бўлган, 48 киши вирус қурбонига айланган. Айни вақтда коронавирус ташхиси қўйилган 1418 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда.

Афғонистонда коронавирус билан касалланганлар сони 18 минг кишидан ошиб кетди, камида 300 нафар бемор COVID-19 қурбонига айланди, деб хабар беради Tolo News.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Афғонистонда 4 июнь ҳолати бўйича коронавирусга чалинганлар сони 18 054 кишини ташкил этмоқда, 1,5 мингдан ортиқ киши соғайган. Ҳозирга қадар коронавирус билан касалланган 300 бемор вафот этган.

Ўзбекистонда 5 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 3965 нафарга етди. Айни вақтда мамлакат бўйича 862 бемор даволанишни давом эттирмоқда, улардан 9 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача 3087 киши соғайган, беморларнинг 16 нафари эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.