Ўзбекистонда коронавирус эпидемиясининг тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан эътиборан оммавий тадбирлар, хусусан, тўй-маросимларнинг ўтказилиши тақиқланган эди. Ушбу тақиқдан сўнг тўй маросимларини ўтказишга уринганларга нисбатан ҳатто жиноят иши ҳам қўзғатилди.

Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, нисбатан назорат остига олингач, Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

Рухсат тегиши билан, масалан, 1 июнь куни Олмалиқда карантин талаблари асосида, кўпи билан 30 киши иштирокида ўтказилаётган тўйнинг суратлари тарқалди. Сўнгги кунларда эса мамлакатнинг турли нуқталаридаги «яшил» ҳудудларда 30 киши иштирокида ўтказилаётган маросимлари тарқалди.

Фойдаланувчилар уларнинг айримларини 1990 йилларда ҳовлиларда ўтказилган тўйларга ўхшатган, бошқалар эса тор доирадаги маросимни ҳам 300 кишилик тўй муҳитида ўтказишга иштиёқ топа олаётганларни олқишлаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир видеода маросим иштирокчилари айниқса болалар ҳисобига рухсат этилганидан кўпроқдек кўринади. Бунга: «12 ёшдан кичик болалар 30 кишига қўшилмайди», дея ҳазил аралаш муносабат билдирилган.

Яна бир гуруҳ фойдаланувчилар коронавирус жамият ҳаётининг кўплаб жиҳатларига салбий таъсир қилган бўлса-да, ўзбек халқини «тўй балоси»дан қутқаришда жуда қўл келганини, бундай камчиқим ва тартибли тўй ўтказиш анъанасини карантиндан кейин ҳам сақлаб қолиш лозимлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, «яшил» ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида, фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар билан, санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Ўз навбатида карантин даврида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг белгиланган талабларини бузган шахслар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.