Россиялик математиклар, дастурчи ва психологлар инсонларнинг суратига қараб, унинг характери чизгиларини аниқлай оладиган нейротармоқни яратди. Янги алгоритм 60 фоиз ҳолатда тўғри танловни амалга оширади, инсон томонидан тахминий танлов эса фақатгина 50 фоизга тўғри ишлайди. Мазкур тадқиқотга доир мақола Scientific Reports илмий журналида чоп этилган.

Фото: Unsplash

Тажриба учун Олий иқтисодиёт мактаби, Очиқ гуманитар-иқтисодиёт университети, BestFitMe ва Artificial Intelligence LLC компанияларидан 12 минг кўнгилли таклиф этилган. Дастлаб улар психологик тестдан ўтган, шундан сўнг веб-камера ёрдамида суратга тушган. Суратга тушиш жараёнида ёруғликнинг яхши эканлиги, юзнинг нейтрал ҳолатдалиги ва косметика воситаларининг йўқлиги муҳим аҳамиятга эга. Олинган суратлар кейинроқ сунъий интеллект томонидан ўрганилган.

Айрим иштирокчиларнинг турли хил фотосуратлари учун нейронтармоқнинг характер белгиларга оид хулосалари бир хил бўлиб чиққан. Шу билан бирга, у ҳалоллик, тушуниш ва аёлларнинг ҳиссоётга берилувчанлигини яхши, янги тажрибага бўлган очиқликни эса ёмон аниқлаган.

Тажриба натижаларига кўра, сунъий интеллект бугунги кунда нафақат оддий инсонларни, балки нотаниш инсоннинг юзи орқали унинг характерини аниқлай оладиган профессионал экспертларни ҳам ортда қолдираётганини кўриш мумкин.

Россиялик тадқиқотчилар бу каби тизим келажакда амалиётда қўлланилишига умид қилмоқда. Масалан, танишув дастурларида психологик мослик ташхисини қўйишда ёки иш берувчилар ва ишга номзодлар ўртасида онлайн суҳбатлар ўтказилганда.