Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган ишлар Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти (ISO) ва Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC) томонидан эътироф этилди. Бу ҳақда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан «Дарё»га маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан COVID-19 инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ёрдам бериш мақсадида бир қатор тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Агентликнинг маълум қилишича, мамлакатдаги коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган ишлар дунёнинг 163 та мамлакати аъзо бўлган Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти (ISO) ва 40 та мамлакат аъзо бўлган Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC) томонидан эътироф этилди.

ISO томонидан қайд этилишича, Ўзбекистонда COVID-19 касаллигига қарши курашиш учун янги стандартлар ишлаб чиқиш ҳамда нафас олиш аъзолари ҳимояси, ҳимоя кийимлари, антисептик воситаларнинг халқаро стандартларини қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилган.

SMIIC эса коронавирус инфекцияси аниқланган илк кундан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу касалликнинг кенг тарқалиши олдини олиш бўйича тезкорлик билан чоралар кўрилиб, коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси иш бошлаганини таъкидлаб ўтган.