Шавкат Мирзиёев 4—5 август кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлганди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, ташриф якунлангач, давлат раҳабарини аэропортда Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.

“Ташрифнинг яна бир таъсирли лаҳзаси Арқадағ Туркманистонда шаклланган протокол тартиб-қоидаларидан четга чиқиб, Президентимизни аэропортда шахсан кузатиб қўйгани бўлди. Бу ўзаро ҳурматга асосланган самимий ва дўстона муносабатларнинг, халқларимиз ўртасидаги чинакам қардошлик ришталарининг бебаҳо намунасидир”, деб ёзди Шерзод Асадов.
Унинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш учун Каспий бўйидаги Авазага амалий ташрифи Ўзбекистон—Туркманистон муносабатларининг ўзига хослигини яна бир бор тасдиқлади.
-WYlKOXXN.avif)
2017 йил март ойида Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифини Туркманистонга амалга оширгани бежиз эмас. Ўтган йиллар мобайнида давлатимиз раҳбари, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бутунлай янги даражага кўтарилди.
“Бугун Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёда чинакам яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир”, дейди Шерзод Асадов.
Унинг таъкидлашича, БМТ конференцияси доирасида президент Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан тақдирлангани ҳам икки давлат ўртасидаги ҳурматнинг юксак даражасини англатади.

Шерзод Асадов сўнгги йилларда президент қўшни ва дунёдаги етакчи давлатларнинг бир қатор нуфузли мукофотларига сазовор бўлганини эслатди. Қозоғистоннинг “Олтин қиран” ва “Дўстлик”, Қирғизистоннинг “Данакер”, Тожикистоннинг “Зарринтож”, Россиянинг Александр Невский, Франция Фахрий легиони, Туркиянинг “Республика” орденлари, Туркий дунёнинг олий ордени, МДҲ фахрий нишони, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони ва бошқалар шулар жумласидан.
“Албатта, бу мукофотларнинг ҳар бири фақатгина президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятига берилган баҳо эмас. Уларнинг ортида давлатимиз раҳбарининг ҳамкасблари, ҳамкор мамлакатлар етакчилари билан биргаликдаги самарали меҳнати туради. Ана шундай ҳамжиҳатлик туфайли Марказий Осиё бугун рақобат эмас, балки ҳамкорлик маконига айланиб бораётганида уларнинг ҳам хизматлари беқиёс”, дейди матбуот котиби.
Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, Туркманистон орденининг берилиши расмиятчилик эмас, балки Ўзбекистоннинг минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлашдаги фаол ва конструктив позициясининг эътирофидир. Бу шунчаки мукофот эмас, балки глобал беқарорлик, ишонч тақчиллиги ва хатарлар фонида Ўзбекистон ва унинг ҳамкорлари минтақада яратаётган барқарор муҳит катта қадриятга айланаётганига ишора. Ана шу барқарорликни ким таъминлаётган бўлса, унинг меҳнати муносиб эътирофга лойиқ.
Изоҳ (0)