Жанубий Кореяда сўнгги суткада коронавирусга чалинганлар сони 34 кишига ошди. Бу 12 апрелдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир, деб ёзмоқда «Интерфакс» мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб. Унда 32 киши мазкур инфекцияни юқтириб олгани эълон қилинган, шундан сўнг уларнинг сони аста-секин камая бошлаган эди. 30 апрель куни эса Жанубий Кореяда COVID-19 билан касалланиш бўйича бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаганди.

Фото: Reuters

Янги касалланиш ҳолатларининг бачаси бир йигит билан боғланмоқда. У коронавирусга чалингани гумон қилинганига қарамай 2 майга ўтар кечаси Итэвон шаҳридаги 5 та тунги клубга бориб, кўп одамлар билан мулоқотда бўлган.

Инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат шу вақт оралиғида тунги клубда бўлган 1,5 мингга яқин одамларни топиб, уларни текширишни буюрган.

Умумий ҳисобда Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони 10 874 кишига етди. Беморларнинг 9 610 нафари соғайган, 256 нафари вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея 6 майдан бошлаб фақат эҳтиёткорлик ва профилактика чораларига риоя қилишни кўзда тутувчи «кундалик ҳаётдаги карантин» режимига ўтди. Мактаб ва жамоат муассасалари кичик тузатишлар билан одатий фаолиятига қайтмоқда. Аммо фуқаролар вирус юқишининг олдини олиш учун масофа сақлаш, қўлларни дезинфекциялаш, ниқоб тақиш каби асосий профилактик чораларга риоя этиши лозим.