Европа ташқи чегаралари очилишининг тахминий санаси маълум қилинди. Европа комиссиясига кўра, бу муддат 15 июнь бўлиши мумкин.
«Ташқи чегаралардаги чораларни сақлаб қолиш Европа Иттифоқига саёҳат туфайли касаллик тарқалиши хавфини камайтириш учун зарурдир», — дейилади Европа комиссияси сайтидаги хабарда.
Шунингдек, саёҳатлар учун Шенген ҳудуди мамлакатлари чегараларининг очилиши Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ички чекловлар енгиллаштирилгачгина амалга оширилиши таъкидланган.
Аввалроқ Чехия президенти Милош Земан коронавирус қайтадан авж олмаслиги учун чегараларни ёпишни бир йилга узайтириш лозимлигини айтганди. Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги бундай қарор чуқур ўйланмаганини, бундай йўл тутиш миллий иқтисодиётга ҳам, аҳолининг конституциявий ҳуқуқларига жиддий зарар етказишини айтган. 24 апрелдан бошлаб Чехия Европада биринчилардан бўлиб чегараларини очиб, фуқароларга чет элга чиқишга рухсат берди.
Айни пайтда Европанинг бошқа давлатлари ҳам у ёки бу чегарадош давлатлардаги касалланганлар сонидан келиб чиққан ҳолда икки томонлама асосда мамлакат ташқи чегараларини очишни бошлади.
Изоҳ (0)