Тошкент шаҳар ИИББ интернетда карантин чоралари борасида идора номидан ёлғон хабар тарқалаётганига эътибор қаратди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Telegram’да Тошкент шаҳар ИИББ номидан «Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 10 майгача киритилган чекловчи тадбирлари (карантин) ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши киритилган кучайтирилган тартиб 2020 йилнинг 25 майига қадар узайтирилганини маълум қиламиз», деган хабарлар тарқалди.
Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ёлғон хабар бўлиб, буни тарқатган манба номаълум.
«Ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳар ИИББ карантин режимига оид янгиликларни ўзининг ахборот ресурсларига фақатгина коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг расмий Telegram каналида эълон қилинган маълумотларни жойлаштиради. Фуқароларимиздан ўз шахсини яшираётган манбага ишонмаслик сўралади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси томонидан чекловчи тадбирлар (карантин) ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб 10 майга қадар узайтирилган.
Маълумот учун, касалланиш ҳолатлари сони камайиб, эпидемиологик вазият барқарорлашиб бораётгани муносабати билан Ўзбекистон ҳукумат карантин чораларини юмшатишга қарор қилган, мамлакат «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратилган.
Изоҳ (0)