Россия маданият вазири Ольга Любимова коронавирусга чалинди. Бу ҳақда вазирнинг матбуот котиби Анна Усачёва маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, маданият вазирининг коронавирус бўйича топширган тест натижасида у коронавирусга чалингани аниқланган. Вазир айни пайтда ўз уйида иш фаолиятини давом эттирмоқда. Касаллик енгил шаклда ўтмоқда ва вазирнинг касалхонага ётқизилиши режалаштирилмаган.

Ольга Любимова Россия ҳукуматининг коронавирусга чалинган тўртинчи аъзоси бўлди. Ўзининг коронавирусга чалингани ҳақида биринчи бўлиб 30 апрель куни Россия бош вазири Михаил Мишустин маълум қилганди. У касалхонага ётқизилгач, ҳукумат раҳбари ваколатлари бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусовга юклатилган. 1 май куни эса Россия қурилиш вазири Владимир Якушев ва унинг ўринбосари Дмитрий Волковнинг коронавирусга чалингани маълум бўлганди.

Бундан ташқари, Россия таълим ва фан вазири Валерий Фальков «ўзини яккалаш» режимига ўтган. Қайд этилишича, бунга вазирлик ходимларидан бирида коронавирус аниқлангани сабаб бўлган.

Россия молия вазири Антон Силуановнинг 6 май куни берган интервьюсига кўра, Мишустин доимий равишда телефон орқали алоқада бўлиб турибди. Бироқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, 6 май куни COVID-19 билан боғлиқ вазият бўйича бўлиб ўтадиган видеойиғилишда Мишустин иштирок этмайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда 165 929 киши коронавирусга чалинган, 21 327 нафар бемор тузалишга муваффақ бўлган, 1537 киши касаллик қурбони бўлган.