АҚШ президенти администрацияси Ойда ресурслар қазиб олиш бўйича халқаро битим лойиҳасини тайёрламоқда, деб хабар берди Reuters ҳужжат тайёрланиши жараёнидан хабардор бўлган манбаларга таяниб.
Агентликнинг қайд этишича, ушбу келишувга Artemis Accords («Артемида келишуви») деб ном берилиб, унга Россиядан ташқари қатор шерик-давлатларни қўшиш режалаштирилган.
Лойиҳада келажакдаги Ойдаги базалар атрофида рақобатдош давлатлар ёки яқин атрофда ишлайдиган компанияларнинг зарар етказиши ёки аралашувининг олдини олиш учун «хавфсизлик зоналари» ташкил этилиши кўзда тутилган.
Агентлик суҳбатдошларидан бирининг қайд этишича, келишув асосида АҚШ ҳудудга нисбатан даъвогарлик қила олмайди. Хавфсизлик зоналари фазони ўзлаштираётган давлатлар ўртасида ҳудудни техник жиҳатдан суверен деб эълон қилмасдан туриб мувофиқлаштириш имконини беради.
Шартномада, шунингдек, Ойда ресурс қазиб чиқариш билан шуғулланувчи компанияларга ушбу ресурсларга нисбатан халқаро қонунчилик доирасида мулк ҳуқуқини ўрнатиш тартиби ҳам келтириб ўтилган.
Хабарда айтилишича, АҚШнинг шериклари ҳозирча лойиҳа билан танишиб чиқмаган. Вашингтон яқин орада ушбу режа билан бир қатор давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Канада, Япония, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларини таништиришни режалаштирмоқда.
Дастлабки босқичда Россия АҚШ шериги сифатида қаралмаяпти. АҚШ ҳарбийлари Россия сунъий йўлдошларининг «таҳдидли» ҳаракатларидан хавотирда. Шу нуқтаи назардан, Россиянинг ушбу лойиҳада иштирок этишига қарши чиқмоқда. Бунга Пентагоннинг позицияси ҳам туртки бўлган.
Аввалроқ Lockheed Martin 2030 йил 30 сентябрга қадар Artemis дастури асосида 6 тадан 12 тагача Orion космик кемаларини қуриб битказиши лозимлиги хабар берилган эди.
Мавзуга доир: NASA ходимлари «Ўлим юлдузи»ни кўрсатди (фото)
Изоҳ (0)