Қозоғистон мамлакат жанубидаги Туркистон вилоятида кузатилган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон билан чегарани очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев маълум қилган, дея хабар бермоқда Tengrinews.
«Қоғали аҳоли пункти яқинида қўшимча каналлар қазамиз. Кеча, 4 май куни Ўзбекистонга ташрифимиз давомида бу ҳақда келишиб олдик. Умуман олганда, ҳозир ўзбекистонлик мутахассислар билан яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз», — деди у.
«Вазият барқарорлашганидан сўнг, улар вилоятимизга ўз техникалари билан келади, яъни коллекторларимизни тозалашда бизга ёрдам беради. Биз эса ўз томонимиздан чегарани очишимиз керак», — деди Шукеев.
Ҳокимнинг қўшимча қилишича, Туркистон вилоятида сув тошқинлари хавфи сақланиб қолмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистон жанубидаги сув тошқинлари 1 май куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида келиб чиқди.
2 майга ўтар кечаси Ўзбекистон билан чегарадаги Мақтаарал туманида коллектор Сардоба томондан келган сув ҳажмига бардош бера олмай ёрилиб кетган ва оқибатда Қозоғистондаги камидаги 10 та аҳоли пункти сув остида қолган. Жами 31,6 минг киши эвакуация қилингани айтилмоқда.
Мавзуга доир: