Ўзбекистондаги Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган фалокатдан сўнг қўшни Қозоғистонда ҳам гидротехника иншоотларини текшириш ишлари бошланган, дея хабар бермоқда Tengrinews.
Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовнинг таъкидлашича, барча иншоотлар бирламчи кўздан кечириб чиқилган, биринчи галда реконструкцияга муҳтож сув омборлари белгилаб олинган.
Громовнинг сўзларига кўра, 2020 йилда Қозоғистонда бир неча гидротехника иншоотларини таъмирлаш ишлари бошланади.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни тонг соат 5:55 да Сардоба сув омбори тўғонида ўпирилиш юз берган эди. Оқибатда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманлари ҳудудлари сув остида қолган. 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган (ҳозирда уларнинг 16 мингдан ортиғи уйларига қайтган), ўнлаб одамлар тан жароҳати олган, юзлаб одамлар сув босган ҳудудлардан қутқарилган; қутқарув ишлари вақтида камида бир Миллий гвардия ходими ҳалок бўлган.
Исми ошкор этилмаган мутахассислар фалокатга 1 майга ўтар кечаси кузатилган кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлганини таъкидлаган, бироқ метеорологлар воқеа арафасида Сардоба сув омбори ҳудудида кучли ёмғир ва шамол кузатилмаганини таъкидламоқда. Тошиб чиққан сув Қозоғистонгача етиб борган; расмийлар Сардоба сув омбори Ўзбекистон томонидан Қозоғистон билан келишмай қурилганини таъкидламоқда.