Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Сардоба сув омборида юз берган тошқин оқибатида жабр кўрган оилаларга пойтахт аҳолиси тўплаган барча маҳсулотлар етказилганини хабар қилди.

Фото: Telegram/@sirdaryogayordam

Фото: Telegram/@sirdaryogayordam

«Сардобада сув тошқинидан жабр кўрган оилаларга йиғилган маҳсулотлардан кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ҳамда санитария-гигена воситалари етарли даражада етказилганини маълум қилиб, хайрия ишида қўшган ҳиссангиз учун миннатдорлигимизни билдирамиз. Ҳозирда сирдарёлик ватандошларимизда ушбу ёрдамга эҳтиёж қолмади», — дейилади ҳокимлик баёнотида.

Аввалроқ Тошкентда сув тошқинидан жабр кўрган сирдарёликларга гуманитар ёрдам тўплаш маркази ташкил қилинган, ёрдам фақат юк ташиш машиналарида етказилиши хабар берилган эди. Сирдарё вилояти аҳолисига нафақат Тошкент шаҳридан, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ҳам ёрдам юклари юборилмоқда.

Хусусан, Қашқадарё ва Андижон вилоятларидан ҳам ёрдам юклари юборилган. Шунингдек, Фарғона водийсидан Сирдарё ва Бухорога кўмак карвонлари юборилгани ҳақида хабар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда 1 май, жума куни, тонгда Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бирининг ёрилиб кетиши оқибатида сув тошқини юз берган; 2 май тонгги ҳолатига кўра, 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган, камида 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг яна Сирдарёга боргани ва Сардоба сув омбори ҳудудидаги тиклаш-таъмирлаш ишлари билан танишгани, тумандаги «Қўрғонтепа» маҳалласини бориб кўргани, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бўлиб, аҳоли билан суҳбат қилгани ҳақида хабарлар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар