Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонида 1 май соат 5:55 да бузилиш юз бериб, унинг атрофидаги ҳудудда вайронкор сув тошқини кузатилди. Шу куни «Ўзбекистон 24» телеканали исми ошкор этилмаган мутахассисларга таяниб, фалокатга кечаси кузатилган кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов бу тахминни тасдиқлаб, фалокат «кучли ёмғир ва шамол натижасида вужудга келган тўлқин лойиҳавий режадан ортиқ бўлиши натижасида келиб чиққан»ини, бу техноген ҳодиса эканини таъкидлаган эди.

Кадр: Telegram

Айни вақтда ўзбекистонлик метеорологларнинг кузатувига, шунингдек, об-ҳаво маълумотлари таҳлилига ихтисослашган оммабоп онлайн-хизматлар ахборотига кўра, нафақат фалокат юз берган оқшомда, балки ундан аввалги бир неча кун давомида ҳам Сардоба сув омбори жойлашган ҳудудда унинг сув сиғимига кескин таъсир қилиши мумкин бўлган миқдорда ёғингарчилик кузатилмаган, шамол тезлиги эса фақат уч сутка аввал сониясига 15 метрдан юқори бўлган.

Сардоба сув омбори жойлашган ҳудуд учун Meteoblue об-ҳаво хизматидан олинган гидрометеорологик маълумотлар. Ҳарорат, ёғингарчилик ва шамол тезлиги кўрсатилган.

Скриншот: Meteoblue

Наманган Гидрометеорология бўлими раҳбари Эркин Абдулаҳатовнинг Сардоба сув омборига энг яқин (27 километр) жойлашган Янгиер метеорологик кузатув станцияси маълумотларига таяниб маълум қилишича, ҳудудда 28 апрель куни ёғингарчилик кузатилмаган, шамолнинг тезлиги сониясига 17 метргача етган. 29 апрель куни соат 8:00 дан 30 апрель соат 8:00 гача бўлган оралиқда ҳудудга 45 миллиметр ёмғир ёққан, шамолнинг тезлиги сониясига 12 метргача кучайган. 30 апрель куни соат 8:00 дан 1 май соат 8:00 гача бўлган оралиқда (фалокат 1 май соат 5:55 да юз берган) ёғингарчилик кузатилмаган, шамолнинг тезлиги энг кучайган вақтда сониясига 8 метрга етган, фалокатдан олдинги 15 соат давомида эса тезлик сониясига 2 метрдан ошмаган.

Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Янгиер станциясидаги кузатувлар тарихида шамол тезлиги бўйича рекорд сониясига 45 метрни ташкил этади, бироқ фалокат арафасида бундай тезликда шамол кузатилмаган. «Воқеадан уч сутка олдин шамолнинг максимум тезлиги сониясига 17 метрни ташкил этиши ўша пайтда сувни тўлқинлантирган бўлиши мумкин. Аммо воқелик пайтида шамолнинг тезлиги сониясига 2 метр ҳам бўлмаган», — дейди метеоролог-синоптик.

Синоптикнинг қайд этишича, 29 апрель куни кузатилган 45 миллиметрлик ёғин миқдори, ҳақиқатан ҳам, кўп. Аммо бу майдони 60 квадрат километрдан ортиқ бўлган сув омбори юзасига «бор-йўғи 2,7 миллион метр куб сув тушганини англатади» (бу умумий ҳажми 900 миллион метр куб сувни сиғдира оладиган сув омбори учун 0,3 фоизлик қиймат). Унинг қўшимча қилишича, Сардоба сув омборининг сув олиш манбаси канал ҳисобланади — у сой ёки сел ўзанларидан сув олмайди; каналдаги сувни «доим жиловласа, бошқарса бўлади», шу боис, метеоролог-синоптикнинг таъкидлашича, ташқи муҳитда пайдо бўлган сув оқими (сел ёки сув тошқини) сув омборига хавф туғдирмайди.

«Ўзгидромет» маркази томонидан Сардобадаги фалокат арафасида ҳудудда кузатилган об-ҳаво шароитига дахлдор маълумотларнинг эълон қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Маълумот учун, Сардоба сув омборидаги сув тошқинидан сўнг унинг атрофида жойлашган аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин аҳоли Сирдарё вилоятининг бошқа ва Жиззах вилояти ҳудудларига эвакуация қилинган (хавф бартараф бўлгани боис, аҳоли аста-секин уйларига қайтмоқда); ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган.

Воқеа юз берган куниёқ Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига етиб борди. У сув тошқини оқибатларини кўздан кечирди, офатдан жабрланган аҳоли билан мулоқотда бўлди, «шароит яхшиланмагунича, ҳеч бир раҳбар ҳеч қаерга кетмаслиги»ни таъкидлади. Аллақачон қайта тикланиши бошланган тўғонни бир неча бор бориб кўрди, иш жараёни билан танишди. Тўғоннинг ёрилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган.