Коронавирусдан тузалган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон душанба, 27 апрелдан, ишга қайтмоқчи, деб хабар бермоқда Reuters. Аввалроқ Британиянинг бир қатор ОАВларида у кейинги ҳафтадан бошлаб ишга қайтиши мумкинлиги хабар берилган.
Sky News’да таъкидланишича, 24 апрель, жума куни, ўз маслаҳатчилари билан учрашиб, мамлакатда коронавирусга қарши курашишда эришилган ютуқлар тўғрисида сўнгги маълумотларни олган.
Daily Telegaphs’нинг ёзишича, Жонсон ишга «аҳвол танг пайтда» қайтмоқда. Айнан ҳозир вазирлар ундан карантин чораларини аста-секин бекор қилиш бўйича ташаббусни кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Борис Жонсон коронавирус билан касаллангани ҳақида 27 март куни маълум бўлганди. 5 апрель куни у эҳтиёт чораси сифатида авлиё Фома шифохонасига ётқизилганди. Бироқ кейинроқ сиёсатчининг соғлиғи кескин ёмонлашиб, жонлантириш бўлимига олинганди. 9 апрель куни эса бош вазир интенсив терапиядан оддий палатага ўтказилган. 12 апрель куни эса касалхонадан чиқиб, уйда даволанишни давом эттирганди.
Изоҳ (0)