Охирги кунларда Ўзбекистонда жамоатчилик муҳокамасидаги асосий мавзулардан бири коронавирус пандемиясига жавобан жорий этилган ижтимоий масофаланиш чора-тадбирларининг иқтисодий фаолиятни кескин тушириб юборгани ва бу чораларни аста-секин енгиллатиб бориш масаласи бўлмоқда. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, пандемия у ёки бу шаклда йил охиригача, балки 2021 йилда ҳам давом этади, шунинг учун ижтимоий масофаланиш чора тадбирлари вазиятга қараб енгиллаштирилиши ёки оғирлаштирилишини кутиш мумкин.

Инқироздан чиқишда ҳар бир давлатнинг узоқ муддатли стратегияси бўлиши ва бу ўша давлат иқтисодиёти ва жамиятининг тузилиши, соғлиқни сақлаш тизимининг аҳволи ҳамда давлат бошқарувининг юзага келаётган рискларни фаол бошқара олишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим. Ҳелсинки университети докторанти Мирзоҳид Қаршиев Ўзбекистон мисолида бу жараёнда қандай факторлар муҳим рол ўйнаши ва уларга тахминий ечимлар қандай бўлиши ҳақида фикр юритди.

Соғлиқни сақлаш тизимининг пандемияга тайёрлиги

Фото: Uzbekistan Airways

Иқтисодиётни «жонлантириш» бўйича амалга ошириладиган тадбирлар, биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш тизимининг аҳоли ўртасида вирус тарқалиши ошишини инқироз ва ваҳимасиз ҳал эта олишига боғлиқ. Ўзбекистонда вирус инфекциясининг биринчи ташувчиси аниқланган кунданоқ қаттиқ ижтимоий масофаланиш чоралари кўрилгани бундай вазиятда вирус тарқалишини кескин камайтириб, соғлиқни сақлаш тизимини янги шароитга мослашишга, вирусни яхшироқ ўрганишга ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишга имкон яратди. Хўш, бу имкониятдан қандай фойдаланилди?

Давлат раҳбари эътиборида бўлган катта лойиҳалар — 20 минг кишилик карантин зонаси ва 10 минг кишилик касалхоналарнинг биринчи навбатлари фойдаланишга топширилди ва қурилиши жадал давом этаяпти. Ўзбекистон ҳар минг аҳолига тўғри келадиган касалхона ўринлари сони бўйича Япония, Жанубий Корея, Россия ва Германиядан ортда бўлса-да, Испания, АҚШ, Буюк Британиядан кўра яхшироқ кўрсаткичга эга. Вирусни аниқлаш учун тестларни ўтказишда керак бўладиган реагентлар, ПЦР аппаратлари ҳамда ўпкани сунъий нафас бериш аппаратлари харид қилинаётгани ҳам хабар қилинди. Буларни ишлатиш учун эса малакали кадрлар зарур.

Манба: ОЭCД, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, соғлиқни сақлаш тизимида 90 мингга яқин шифокорлар, 360 мингга яқин ўрта тиббиёт ходимлари бўлса-да, соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги аҳволи қандай ва вирус тарқалишининг турли этапларида бу ўзини қандай намоён қилиши борасида жамоатчилик ўртасида етарлича маълумот мавжуд эмас. Хусусан, Бухоро ва Андижон вилоятларида ташкил этилган карантин зоналарида ишга нопрофессионал ёндашиш ёки Тошкент шаҳрида поликлиникада бўлган ҳолатлар бу тизимдаги муаммоларнинг бир учини чиқаргандек бўляпти.

Юқорида вазиятлар янги вирусга гумон туғилганда медицина ходимлари учун ҳаракатлар алгоритми ёки ишлаб чиқилмагани, ёки уларнинг жойлардаги ходимларга тўлиқ ва аниқ етказилмаганлигини кўрсатади.

Ҳали ҳамон телевидениеда кўрсатилаётган роликларда касаллик белгилари саналиб, бунга гумон туғилганда шифокорга мурожаат қилиш маслаҳати берилмоқда. Ўзбекистонда кенг тарқалган амалиёт бўйича бу гумон қилинган шахснинг маҳаллий поликлиникага бориши ёки шифокорни уйига чақиришини назарда тутади. Айни пайтда Ўзбекистонда мавжуд бўлган асбоб-ускуналар ва ўрнатилган қоидаларга мувофиқ, маҳаллий поликлиникаларда ёки уйга чиққан ҳолда янги коронавирусга тест ўтказиш ва аниқлаш имкониятлари мавжуд эмас. Тестлар санитария-эпидемиология станциялари лабораторияларида ўтказилмоқда. Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш ходимлари (ҳаммасининг ўз шахсий машинаси йўқ ва баъзи жойларда автобуслар ажратилмаган) ўрнатилган тартиблар орқали ишга келиб-кетиши қийинлашганини таъкидламоқда.

Бу масалада ўзим бирмунча таниш бўлган Финляндия тажрибаси билан бўлишсам. Вирус бу давлатга кириб келгандан сўнг, соғлиқни сақлаш тизимини хаосдан сақлаб қолиш ва уларни эпидемия ҳолатига тайёрлаш давлат сиёсатининг муҳим қисмига айланди. Қўлларни тез-тез ювиш маслаҳатлари ва ижтимоий масофаланиш чораларидан ташқари, аҳолига берилган энг асосий маслаҳатлардан бири — вирус инфекциясига гумон пайдо бўлганда уйда қолиш кераклиги ва телефон орқали маҳаллий поликлиникага боғланиш зарурлиги бўлди.

Ҳелсинкидаги шоҳсупасига «Кучлироқ бўл!» деб ёзиб қўйилган «Уч темирчи» ҳайкали Финляндиянинг коронавирус эпидемиясига қарши кураши рамзига айланди.

Фото: The New York Times

Барча поликлиникаларда шунчаки кўчадан врач қабулига кириш тақиқланди. Телефон орқали боғланилгандан сўнг ва врачлар томонидан симптомлар етарлича кузатилгач, даволашнинг кейинги босқичи бўйича (уйда даволанишни давом эттириш, касалхонага олиш ёки коронавирусга тест олиш) қарорлар қабул қилиниши айтилди. Ҳукумат врачлар учун ҳимоя либоси ва ускуналари сифатига алоҳида эътибор қаратди, шу туфайли Хитойдан сотиб олинган катта партия ниқобларнинг талабга жавоб бермаслиги ортидан Давлат захира агентлиги раҳбари ва топ-менежерлари ишдан олинди.

Ўзбекистонда марказлаштирилган электрон соғлиқни сақлаш тизими ишлаб чиқиш ва кенг жорий этиш масаласи қатор йиллардан буён пайсалга солиб келингани муаммони янада чигаллаштириши мумкин. Кўпчилик хорижий давлатларда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари электрон тизимлар орқали медицина соҳасида энг сўнгги янгиликлар ва даволаш процедуралари билан танишиш, ўз саволлари билан мурожаат этиш ва маълум кейсларни муҳокама қилиш имконига эга. Айнан шу тизимлар орқали соғлиқни сақлаш вазирликлари турли ҳолатлар учун даволаш протоколлари ва ҳаракатлар алгоритмини энг пастки бўғиндаги врачларга ҳам бир сонияда етказа олади. Бу каби тизим ҳозирги каби вируснинг юқиши, танада ривожланиши ва оғир оқибатларга сабаб бўлиши механизмлари тўлиқ ўрганилмаган ва бу борада профилактика ва даволаш усуллари тезликда ўзгариб турганда жуда асқотган бўларди.

Иқтисодий фаолиятни хавфсиз йўлга қўйишда вирус юқиш ҳолатларини тезликда аниқлаш ва вирус ташувчисининг ўтган муддат орасида алоқада бўлган шахсларини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, иқтисодий фаолиятни босқичма-босқич «очиш» бўйича қарорлар биринчи навбатда соғлиқни сақлаш тизимининг вирус тарқалишининг турли босқичларида ҳаракатлар кетма-кетлиги аниқ ишлаб чиқилганлиги ва бунда унга тушадиган юкни эплай олиши нуқтаи назаридан қабул қилиниши керак, деб ўйлайман.

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Бунда қуйидаги чора-тадбирларни биринчи навбатда амалга ошириш керак бўлиши мумкин:

  • оилавий поликлиникалардаги врачлар қабулига фақатгина олдиндан телефон орқали ёзилгандан сўнг келиш мумкин. Бундан шифокор олдиндан зудлик билан ўша шахс билан боғланади, касаллик симптомларини ўрганади ва кейинги қадамлар борасида қарор қабул қилади;
  • барча оилавий поликлиникаларда зарур протектив кийим-бош ва транспорт билан таъминланган мобил гуруҳлар тузилади. Касалларни уйга чиқиб кўриш, айнан шу гуруҳлар томонидан амалга оширилади;
  • касалхона ўринларини ва медицина ходимларини сақлаш мақсадида касаллик енгил кечаётган беморларни ўз уйида изоляцияда сақлашнинг мақсадга мувофиқлиги ўрганилиб чиқилади;
  • бутун соғлиқни сақлаш тизими учун етарлича ҳимояланган ички алоқа тизими ва интранет ресурси зудлик билан йўлга қўйилиб, ҳар бир бўғиндаги тиббиёт ходимлари учун сўнгги янгиликлар, профилактика ва даволаш методлари кенг ёритилади. Айни пайтдаги имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, бу мослашувчан ва ҳимояланган мобил илова ҳам бўлиши мумкин;
  • касаллиги аниқланган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни тезликда аниқлаш ҳамда уларни тезда бошқалардан ихоталашда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, хусусан, шахсий маълумотларни сир сақлаш тамойилларига асосланган умумдавлат «контакт трейсинг» мобил иловаларини ишлаб чиқиш ва кенг жорий этиш яхши фойда беради;
  • касаллик оғир кечиши мумкин бўлган риск гуруҳларига вирус юқиши имкониятларини имкон қадар пасайтириш бўйича турли соҳа мутахассислари томонидан инноватив ечимлар ишлаб чиқиш рағбатлантириш лозим. Ортиқча вазнга эга шахслар ва Ўзбекистонда кенг тарқалган бошқа касалликлар учун пандемия давомида ўзини тутиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш ва кенг тарқатиш мақсадга мувофиқ;
  • тестларни кенгроқ ўтказиш мақсадида мавжуд хусусий диагностик лабораториялар ва уларнинг ходимларини ПЦР таҳлиллари ўтказишга тайёрлаб борилади ва жалб қилиш чоралари кўрилади;
  • соғлиқни сақлаш тизимида турли соҳа шифокорлари, эпидемиологлар, статистика ва моделлаштириш бўйича мутахассислар жамланиб, вирус тарқалиши эпидемиологик моделларини кундалик ишлаб чиқиб, махсус комиссияга тақдим қилиб боради.

Иқтисодий факторлар

Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳолининг 45 фоизи норасмий секторда фаолият юритади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса 2019 йил биринчи ярмида 2,6 миллион ўзбекистонлик чет элда вақтинчалик меҳнат фаолияти олиб борганини маълум қилган.

Мутахассисларнинг фикрича, даромад солиғи тўламаса-да, ушбу икки катта гуруҳ Ўзбекистон иқтисодиётига ва эгри солиқлар орқали давлат бюджети даромадлари шаклланишига салмоқли ҳисса қўшиб келган. Киритилган қатъий карантин тартиби ҳамда глобал миқёсда талаб ва таклифнинг камайиши бу икки гуруҳ даромадларининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлди. Формал секторда ишлаётганлар нисбатан ҳимояланган бўлса-да, иқтисодий инқироз чўзилиши бу гуруҳ даромадларининг ҳам кескин пасайиб боришини англатади.

Фото: «Дарё»

Кўпчилик ривожланган давлатларда бўлгани каби турли нодавлат ҳимоя тўрларининг мавжуд эмаслиги, аҳоли жамғармаларининг нисбатан камлиги ҳамда катта қисми норасмий секторда ишлаётгани инқироз туфайли қийналиб қолган аҳолига тезроқ манзилли ёрдам кўрсатишнинг ҳам муҳимлигини, ҳам жуда қийинлигини кўрсатади.

Мавжуд вазиятда маълум бир тоифалардан (айни пайтда даромади маълум миқдордан юқори суммани ташкил этаётганлар, пенсионерлардан) ташқари барчага пул маблағлари тарқатиш энг оқилона ечимлардан бири сифатида кўринмоқда. Табиийки, айни пайтда норасмий даромад олиб турган ёки пул жамғармаси ўзига етарли бўлган шахсларга ҳам маблағлар келиб тушиши мумкин. Шунинг учун, истаган шахсларга ажратилган маблағларни қайтариш имконияти ҳам берилиши керак.

Айни пайтда кўпчилик экспертлар ва давлат мулозимлари томонидан хизматлар соҳасининг энг кейин сафга қайтиши тўғрисида фикрлар берилмоқда. Фикримча, маълум бир чекловлар билан баъзи бир хизмат турларига рухсат беришни кўриб чиқиш мумкин. Масалан, сартарошхона, гўзаллик салонлари, пуллик медицина хизматлари, савдо дўконларига бинода бўлиши мумкин бўлган одамлар сони чекланган ҳолда ишлашига шароит яратиш ва зарур ҳолларда қайтадан чеклаш.

Шаҳарларда иқтисодиётнинг тикланиши кўп ҳолларда йўловчи транспортига ҳам боғлиқ. Аксарият мамлакатлар бу борада ҳам чекловлар (хусусан, йўловчилар сонига) ўрнатмоқда. Ҳозирги кунда мавжуд ечимлардан бири — давлат ва хусусий ташкилот ва корхонларида иш соатларининг қисқартирилиши ва иш бошланиш вақтларини турлича белгилаш орқали жамоат транспортига эрталабки ва кечки юкламани қисқартириш бўлиши мумкин.

Фото: «Дарё»

Бу эса оммавий овқатланиш жойларига ҳам бир вақтдаги юкламани автоматик равишда тушириши мумкин. Шунингдек, бошқа жамоат жойларида бўлгани каби оммавий овқатланиш жойларига ҳам майдонига нисбатан бир пайтда бўлиши мумкин бўлган хўрандалар сонига чекловлар ўрнатилиши керак.

Ўзбекистонга хос муаммолардан бири савдо секторида бозорларнинг, айниқса ноозиқ-овқат бозорларининг кейинги фаолиятини йўлга қўйиш бўлади. Бозорга бориб кўрганлар яхши билади: унда ижтимоий масофаланиш чоралари йўлга қўйиш деярли имконсиз. Агар бу бозорлар уч-тўрт ой ёки ундан кўпроқ вақт ёпилиши варианти бўлса, кейинги савол уларда фаолият юритган минглаб аҳолини бошқа даромад манбаларига йўналтириш керак. Бозорлардан ташқарида жойлашган дўконлар учун ҳам бир пайтда бино ичида бўлган одамлар сонига маълум бир чекловлар ўрнатилиши керак бўлиши мумкин.

Оммавий тадбирлар (концертлар, томошалар, спорт мусобақалари ва бошқалар) иқтисодиёти эса энг охирги тикланиши мумкин бўлган соҳа ҳисобланади.

Демографик ва ижтимоий факторлар

Ўзбекистонда ижтимоий муносабатлар ўзининг бирмунча юқори даража эканлиги билан ажралиб туради. Аҳолининг катта қисми зич маҳаллаларда яшайди, қўни-қўшни, қариндошлар ва ҳаттоки нотаниш одамлар билан қуюқ муносабатда бўламиз.

Фото: «Дарё»

70 ёшдан ошган кексалар Ўзбекистон аҳолисининг 2,6 фоизини ташкил этсада, уларнинг деярли бари уч ёки тўрт авлод вакиллари бирга яшайдиган хўжаликларда истиқомат қилади. Ушбу риск гуруҳини алоҳида ажратиш (масалан, қариялар уйлари ёки санаторийларга вақтинча чиқариш) деярли имконсиз ва самарасиз ҳам бўлиши мумкин. Уларга вирус юқиши имкониятларини имкон қадар тушириш бўйича турли соҳа мутахассислари томонидан инноватив ечимлар ишлаб чиқиш рағбатлантириш лозим.

Ўзбекистон жамиятини тўйларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Энг охирги ўзгаришлардан сўнг ҳам битта оилавий тадбирга 450 тагача одам йиғилиши мумкин (масалан, 250 киши эрталабки ошга ва 200 киши кечки тўйга). Айни пайтда аҳолининг катта қисми май ойи охиригача тўй-ҳашамлар режалаштирмаётгани ҳам аниқ. Аммо, бу каби тадбирларни бутун бир йил давомида тақиқлаб қўйиш имконсиз, бу борада махсус гуруҳлар ҳозирдан ҳисоб-китобларни қилиб, нисбатан бошқарса бўладиган даражани (масалан, меҳмонлар сонини 50 кишидан оширмаслик) топиши муҳимдир.

Давлат бошқаруви

Жорий соғлиқни сақлаш ва иқтисодий соҳа инқирози даврида давлат бошқаруви соҳаси энг катта имтиҳонлардан бирига дуч келди.

Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий, ижтимоий, демографик факторлар ва соғлиқни сақлаш тизимининг аҳволи давлат бошқаруви тизимидан воқеалар ривожига жуда тез реакция қилиш ёки уни аввалдан кўра билиш ва шунга яраша жавоб қарорларини олдиндан тайёрлаб қўйишни талаб қилмоқда. Шу билан биргаликда, ўзгариб турадиган эпидемиологик вазият ҳудудлар ва иқтисодий соҳалар кесимида ҳам шундай эгилувчанликни (гибкост) ва маълум бир маънода қарорлар қабул қилиш парадигмасини қайта кўриб чиқишни тақозо қилади. Қарорлар қабул қилишда бир вақтнинг ўзида детцентрализация (масалан, вилоят ва туман ҳокимларига) ва шу билан бирга координация (турли хил соҳа вакилларининг иштироки) янада муҳим рол ўйнайди.

Фото: Тошкент ҳарбий округи

Инсонлар орасида юзма юз мулоқотни кескин камайтириш учун бошқарув жараёнининг ва давлат хизматларининг жуда катта қисми рақамлаштирилиши керак. Бу нафақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар, балки соғлиқни сақлаш ва таълим (айниқса олий таълим)га тааллуқлидир. Телемедицина ва масофадан таълим олиш имкониятларини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан биргаликда, инқироз даврида Конституция билан белгилаб қўйилган ҳокимиятларнинг ўзаро тийиб туриш, уларнинг халқ ва халқ вакиллари олдида ҳисобдорлиги, ҳокимият фаолиятида жамоатчилик иштирокини қўллаб-қувватлаш тамойиллари четга сурилиши эмас, балки янги поғонага кўтарилиши муҳим. Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига кўра, давлат ва жамият ўртасида ишонч ришталарини янада мустаҳкамланиши инқироздан чиқишда энг асосий фактор бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.