Россиянинг ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори лавозимли икки нафар ходими Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахсдан 1 миллион доллар ундирмоқчи бўлганида қўлга олинди, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: «ТАСС»

Маълумотларга кўра, полиция подполковниги Алберт Кудряшов ва ИИБ майори Андрей Гайтов Ўзбекистонда туғилган шахсдан 1 миллион доллар талаб қилган.

Терговчилар маълум қилишича, 7 март куни Кудряшов ва Гайтов расман ишсиз бўлган Ашраф Айсеновнинг Петровское қишлоғидаги уйига бориб, ундан 1 миллион доллар талаб қилган. Акс ҳолда унга қарши жиноят иши очиб, Ўзбекистонга бериб юбориш билан таҳдид қилишган. Офицерлар хизмат имкониятидан фойдаланиб, аввал Жасур Жалилов исми-шарифида бўлган Айсеновнинг 1,5 миллион долларни талон-торож қилгани учун Ўзбекистонда қидирувда эканини аниқлаган. 2015 йилда Жалилов Россияга Ашраф Бурхонов паспорти билан борган. Кейинчалик, хотинининг фамилиясини олиб, Айсенов бўлган. Сўнгра у билан ажрашган.

Айсенов офицерларнинг талабига рози бўлган. Аммо тўланадиган қиймат бўйича савдолашиб, уни 13 миллион рублга пасайтирган. Офицерлар пулни олиш учун келганида Истра шаҳри полицияси томонидан қўлга олинган.

Подполковник Кудряшов ва майор Гайтовга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 163-моддаси 3-қисми («Уюшган гуруҳ таркибида товламачилик қилиш») бўйича жиноят иши очилган. Бунга Ўзбекистонда туғилган тадбиркор Ашраф Айсеновнинг аризаси асос бўлган. У полициячиларнинг жиноий жавобгарликка тортилмасликни ва ҳимоя остида бўлишни ваъда қилишаётгани, бунинг эвазига 13 миллион рубль сўрашаётгани ҳақида ёзиб берган.

Айни пайтда жиноят иши Россия Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бошқармасига ўтказилган.

Офицерларни 2 ойга ҳибсга олиш масаласини кўриб чиққан Истра шаҳар судида улар ўз айбини инкор қилган ва Айсеновни экстремистларга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида, Ўзбекистонга бериб юбориш билан қўрқитишганини айтган. Бироқ суд уларнинг баҳоналарига ишонмай, 2 ой ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.