«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистон илғор технологиялар инновацион университетини ташкил этиш ҳақида петиция жойлаштирилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда рақамли технологиялар, сунъий интеллект, биотехнология, илғор техник ишланмалар ва материаллар инсоният келажаги эканлиги ҳаммага маълум. Лекин бундай технологиялар саноқли давлатлардагина ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон эса техник тузилмаларни, асосан, импорт қилади. Бунинг учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланади.
«Биргина тиббиёт соҳасини олсак, оддий гемоглобин миқдорини аниқлаш учун ишлатиладиган аппаратлар минглаб доллар туради. Агар буларни ўзимиз ишлаб чиқарсак ва экспорт қилсак, бюджетга катта фойда қиламиз. Ўн минглаб ишчи ўринлари яратилади», — деб ёзган мурожаат муаллифи.
Шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон илғор технологиялар инновацион университетини ташкил этиш, унда сунъий онг, маиший технология, автотехнология, тиббий технология, ҳарбий технология, биотехнология, материаллар технологияси ва уларга дастурий таъминот ишлаб чиқувчи факультетларини очиш ҳамда уларга хориждаги етук олимларини жалб қилиш таклиф қилинган.
Аввалроқ Самарқанд давлат тиббиёт университети ташкил этилиши, Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)