«РБК» кино соҳасида муваффақиятга эришиш учун, албатта, ушбу йўналиш бўйича олий маълумотга эга бўлиш лозим эмаслигини ўз мисолида кўрсатиб берган актёрлар ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.

Фото: «Кинопоиск»

Женнифер Лоуренс

Фото: «Кинопоиск»

«Очлик ўйинлари» ва «Икс одамлар» фильмларининг юлдузи ёшлигидан театрга қизиққан ва мактаб давриданоқ турли спектаклларда иштирок этган. 14 ёшида эса ота-онасига келажакда актриса бўлмоқчилигини маълум қилган. Шундан сўнг улар қизалоқни Нью-Йоркка кастингга олиб борган. Бир неча йирик агентликлар қизалоқнинг иқтидорига юқори баҳо берган ва у тез орада телевизион шоуларда суратга туша бошлаган, кўп ўтмай «Билл Энгвалнинг шоуси» телесериалида ўз ролига эга бўлган. Суратга олиш ишларини якунлаш учун Женнифер Лоуренс Луисвиллдаги мактабини тезда тугатишга мажбур бўлган — у ўз тенгдошларидан икки йил олдин мактабни битирган. Шунга қарамай, актриса мутахассислик бўйича ўқимаган. Шундай бўлса-да, у энг кўп маош оладиган ҳамда тўртта йўналиш бўйича «Оскар»га номинант бўлган тарихдаги энг ёш актрисага айланди.

Жим Керри

Фото: «Кинопоиск»

Дунёдаги энг машҳур комиклардан бирининг болалиги у қадар ёқимли ўтмаган. Жим Керрининг ота-онаси молиявий жиҳатдан катта қийинчиликларга учраган, оила ҳатто автофургонда яшашга мажбур бўлган. 16 ёшида йигитча мактабни ташлаб, шина заводига фаррош бўлиб ишга кирган. Жимнинг онаси оғир невроздан азият чеккани вазиятни янада мураккаблаштирган. Барча қийинчиликларга қарамай, Керри доимо ажойиб юмор ҳиссига эга бўлган. Бўш вақтида стендап-сценарийлар ёзган, клубларда чиқиш қилган ва кастингларга борган. Натижада Керри «Эйс Вентура: Уй ҳайвонлари қидируви» комедиясида бош ролни қўлга киритган. Айнан ушбу фильм унга катта машҳурлик олиб келган. Керри актёрлик факультетида ўқимаган, бироқ унда олий маълумот бор. 52 ёшида у тасвирий санъат докторига айланган.

Жонни Депп

Фото: «Кинопоиск»

Жонни Депп Голливуднинг энг машҳур актёрларидан бирига айланишни режалаштирмаган. Унинг орзуси бошқа бўлган. Жим Керри каби Депп ҳам 16 ёшида мактабни ташлаб, ҳаётини мусиқага бағишлаган. Актёрнинг сўзларига кўра, икки ҳафтадан сўнг, ўқишни давом эттирмаслик фикрига келган. Бироқ йигитчанинг қизиқишидан бохабар мактаб директорини уни қўллаб-қувватлаб, мусиқий иқтидорини оширишни маслаҳат берган. Аввалига шундай ҳам бўлган, кейинроқ Николас Кейж Деппга актёр сифатида ўзини синаб кўришни таклиф этиб, уни агенти билан таништириб қўйган. Кўп ўтмай Депп «Вязов кўчасидаги даҳшат» фильмида суратга тушган, кейинроқ эса режиссёр Тим Бертон билан танишиб қолган. Депп олган илк гонорарларини актёрлик курсига сарфлаган, бироқ коллежда ўқимаган.

Натали Портман

Фото: «Кинопоиск»

Натали Портманнинг ҳақиқий исми — Нета-Ли Хершлаг. «Леон» фильмининг бўлажак юлдузи таниқли яҳудий шифокор оиласида туғилган ва оиласини ортиқча дахмазалардан халос этиш мақсадида таҳаллус олган. Ёзги таътилларни театр оромгоҳида ўтказган, бўш вақтида эса қунт билан ўқиб, илмий тадқиқотларда иштирок этган ва кастингларга борган. Кинода ишлаш учун моделлик карьерасидан воз кечган. Актёрлик бўйича ўқиш ўрнига, у Гарвардда психология факультетида таълим олишни маъқул кўрган. «Бу карьерамни барбод қилиб юборадими ёки йўқ, менга барибир. Киноюлдуз бўлгандан кўра, ақлли бўлган яхши», — дейди Портман. Кейинчалик актриса психологиядан олган билимлари иш жараёнида бир неча бор ёрдам берганини таъкидлаган. Яқинда эса Портман актёрлик маҳорати бўйича онлайн-курсини очди.

Брэд Питт

Фото: «Кинопоиск»

Голливуднинг энг машҳур актёрларидан бири ҳисобланувчи Брэд Питт ўрта мактабни тугатгач, Миссури унитерситетига ўқишга кирган. У бир неча йил маркетинг ва журналистикани ўрганиб, реклама агентлигига арт-директор бўлиб ишга кирган. Шундай бўлса-да, Уильям Брэдли Питт диплом олмаган. Университетни битиришга икки ҳафта қолганида, у ўқишни ташлаб чўнтагида 325 доллар билан Лос-Анжелесга кетишга қарор қилган. Ўшанда у тўлиқ исмидан воз кечиб, Брэд Питтга айланган. Питт ётоқ топиш ва режиссёр Рой Лондоннинг актёрлик маҳорати дарсларига пул тўлаш учун ҳайдовчи, мебель юкловчи ва промоутер бўлиб ишлаган. Унга эпизод роллар таклиф этила бошлагач, барчаси ортда қолган. Шундан сўнг, ёш актёрнинг карьераси чўққига қараб кета бошлаган.

Хоакин Феникс

Фото: «Кинопоиск»

Хоакин Феникснинг мукофотлари қаторидан иккита «Олтин глобус», «Грэмми», Канн ва Венеция кинофестиваллари совринлари ўрин олган. «Joker» фильмидаги роли учун эса «Оскар» олтин ҳайкалчасини қўлга киритган. Томошабинларни актёр ўз қаҳрамони табиатини тўлиқ очиб бергани хайратлантирган. Ушбу роли учун Хоакин Феникс 24 килограммга озган ва бир неча ой давомида турли хил кулгиларни машқ қилган. Шундай бўлса-да, 45 ёшли Хоакин актёрлик бўйича мутахассисликка эга эмас. Феникс мазҳабпараст оилада туғилган, шу сабабли укалари ва опалари билан болалигидан кўчаларда юриб пул топишга мажбур бўлган. Иқтидорли болаларни Голливуд агентлиги пайқаб қолиб, рекламада суратга тушишга таклиф этган. Актёр ўзининг илк эпизод ролини саккиз ёшида ўйнаган, тўрт йилдан сўнг эса катта кинога қадам қўйган.