Ўзбекистон кинематография соҳаси арбоблари, мутахассислари, режиссёрлар ва актёрлар «Ўзбеккино» директори Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилди. Жамоавий мурожаат 109 киши томонидан, хусусан, «Ўзбеккино» бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, «Республика кинофонди» директори Шуҳрат Умаров, шунингдек, Ҳилол Насимов, Жаҳонгир Қосимов, Сарвар Каримов, Абдуҳалил Мингноров, Акбар Бектурдиев каби режиссёрлар томонидан имзоланган. Шуҳрат Ризаев, Матёқуб Матчонов, Баҳром Ўтанов, Ҳилол Насимов каби киноарбоблар «Дарё» мухбири билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам мурожаатни имзолаганликларини тасдиқлади. Мурожаат 14 апрель куни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилгани, ҳукумат масъул ходими мурожаатни қабул қилиб олганини «Дарё»нинг ҳукуматдаги манбалари ҳам тасдиқлади.
Мурожаатчилар 2019 йил сентябрида «Ўзбеккино»га раҳбар этиб тайинланган Фирдавс Абдухолиқов ҳозирги кунда кинематография соҳасини ривожланиш бўйича комплекс ёндашув ва консептуал қарорларни қабул қилиш ўрнига соҳани ривожлантиришга мутлақо алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, кўп йиллик тажрибага эга ходимларни четлатиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, унинг ўзигагина қарашли одамларни бошқарма ва бўлимлар раҳбарлигига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилганини таъкидламоқда. Агентликда иш ўрнига ваъзхонлик, тадбирбозлик, кераксиз ишлар билан шуғулланиш, бюрократизм, шунингдек, хорижий давлатларга якка тартибда ёки ўз истагидаги одамлардан гуруҳлар тузиб, сафар қилиш, бош директор ўринбосарлари ва тажрибали мутахассислар фикрига беписандлик билан қараш ёки уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини умуман инкор этиш амалиёти жорий этилгани айтилмоқда.
Мурожаат мазмуни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Мурожаатчилар нимадан норози?
Фирдавс Абдухолиқов «Ўзбеккино» бош директори этиб тайинлангач, кинематография соҳасида ислоҳотлар давом этишини билдирган. Аввалига соҳа мутахассислари ва ижодкорлар иштирокида турли форумлар, йиғилишлар ва тадбирлар ўтказилиб, унда мавжуд муаммоларга танқидий ёндашган ҳолда тақдимотлар, лойиҳалар тайёрланган. Бироқ мазкур тадбирлар, тақдимотлар кейинчалик байрам тадбирларига уланиб кетган.«Борган сари кераксиз тадбирларнинг миқёси ва кўлами ортиб борса бордики, лекин ҳеч қандай ижобий натижалар кузатилмади. Афсуски, мазкур ҳолат ҳозирги кунга қадар давом этиб келмоқда.
Шу билан бирга, соҳада ислоҳотлар ўтказиш ва уни ривожлантириш борасида бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш режалари тузилди, қатор тадбирлар ташкил этилди. Бироқ бу режалар ва тадбирлар номига, гўёки янги раҳбарият томонидан ‘Ўзбеккино’ Миллий агентлигида ‘катта ишлар’ амалга оширилаётганлигини кўрсатиш учун фақат ‘пиар’ мақсадида қилинди. Улар учун миллионлаб маблағлар сарфланган баландпарвоз ишлар вақтинча бўлиб, кино соҳасини ривожлантиришга хизмат қилмаслиги, аксинча, вақт ўтиши билан соҳанинг ортга кетишига олиб келиши бугунги кунга келиб ҳақиқатга айланди.
Мазкур мурожаатни Сизга йўллашимиздан асосий мақсад — бугунги кунга келиб миллий кинематография соҳасини ривожлантириш эмас, балки ҳеч бўлмаганда бор обрўсини йўқотиб, уни хароб қилишдан сақлаб қолишдан иборат», — дейилади мурожаатда.
Киноижодкорларнинг мурожаатида айтилишича, Фирдавс Абдухолиқов ҳукумат қарори билан ўрнатилган тартибга бўйсунмай, «якка ўзим ҳал қиламан» қабилида иш тутмоқда. У «Ўзбеккино» қошида фаолият юритадиган Бадиий кенгаш томонидан коллегиал ҳал этилган масалаларни тўхтатиб қўйиш амалиётини жорий эта бошлаган.
«Қўл остидаги ходимларга ва Бадиий кенгаш аъзоларига ўз лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда таъсир ўтказиш орқали Бадиий кенгаш бошқарувини ўз тизгинига олиш ва ўзига мақбул аъзоларни кенгаш таркибига киритиш учун турли ҳаракатлар авж олди.
Хусусан, жорий йилнинг март ойида Агентлик бош директорини Бадиий кенгаш раиси сифатида белгилаш тўғрисида буйруқ қабул қилиниб, унинг таркибига шу кунга қадар Бадиий кенгаш аъзолари сифатида ишлаб келган тажрибали ижодкорлар ўрнига кино соҳасига алоқаси бўлмаган шахслар киритилди.
Бадиий кенгаш қарори билан ишлаб чиқаришга туширилиб, суратга олиш ишлари давом этаётган фильмларнинг бадиий-ғоявий мазмунини Бадиий кенгашнинг тавсиясисиз, якка тартибда ўзгартиришга уринишлар кузатилмоқда», — дейилади киноижодкорлар мурожаатида.
Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқаришга туширилган ва жорий йилда топширилиши режалаштирилган 10 дан ортиқ бадиий ва бадиий-публицистик, ҳужжатли, мультипликацион ва қисқа метражли фильмлар молиялаштирилмай, тўхтатиб қўйилган.
«Бунинг натижасида кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришда иштирок этган ижодкорлар ва мутахассисларга ойлик маошлари тўланмай қолмоқда. Айниқса, ҳозирги вақтда бу ҳолат ишчилар кайфиятига қаттиқ таъсир кўрсатиб, уларнинг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда», — деб ёзади мурожаатчилар.
2020 йилда ишлаб чиқариладиган янги фильмлар бўйича кинолойиҳалар танлов ўтказиш йўли билан саралаб олиниши лозим бўлган. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда танловни 2019 йилнинг ноябрь ойидаёқ бошлаш ҳақидаги таклифларга қарамасдан, танлов ўтказишга фақатгина 7 февраль куни рухсат берилган.
«Шундан сўнг, бир ой давом этган танловда кўплаб кинолойиҳалар қабул қилинган бўлса-да, бироқ бош директор томонидан Бадиий кенгаш таркибини янгилаш мақсадида ушбу кинолойиҳалар кенгаш муҳокамасига киритилмади, фильмларни ишлаб чиқаришга тушириш бўйича қарорлар ўз вақтида қабул қилинмади.
2020 йилнинг апрель ойи ўтиб боришига қарамасдан, ҳамон биронта янги фильм ишлаб чиқаришга туширилмади, янгиланган Бадиий кенгаш бирон марта йиғилиш ўтказмади, ҳаттоки унинг янги аъзолари билан шартномалар имзоланмади. Натижада жорий йилда янги фильмларни ишлаб чиқариш ва намойиш этиш эҳтимоли жуда пастлигича қолмоқда», — дейилади киноижодкорлар мурожаатида.
Киноижодкорлар мурожаатида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги марказий аппарати ходимлари орасида тушкун ҳолат юзага келиши туфайли коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият иккинчи ўринга ўтиб қолгани айтилади. Март ойида бош директор эътирозларга қарамасдан агентлик марказий аппаратининг ташкилий тузилмасига 2 нафар бош директор маслаҳатчиси, 2 та бўлим, 2 та хизмат, 3 та сектор каби янги таркибий бўлинмалар киритилган ҳамда «Ўзбеккино» фаолиятига умуман алоқаси бўлмаган «Фан ва таълим», «Меценатлик» ва PR йўналишлари ташкил этилган.
«Марказий аппаратга шартнома асосида бир қатор ходимлар, жумладан, хориж фуқаролари ноқонуний равишда ёлланган ва уларга агентлик фаолиятининг барча йўналишларида штатдаги ходимлар фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқи берилган. Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ёлланган ишчиларнинг бажарадиган вазифалари аниқ белгилаб берилмаган ёки улар бажарадиган вазифалари асосланмаган. Бироқ уларнинг ойлик маошлари штатдаги ходимлар маошларидан бир неча баравар кўпроқ бўлиб (ҳатто баъзилари билан валютада ҳақ тўлаш бўйича шартномалар имзоланган), уларнинг асосий вазифаси марказий аппарат ходимлари ва тизим ташкилотлари фаолиятини назорат қилишдан иборат. Бунинг натижасида, агентликда кадрлар қўнимсизлиги юзага келиб, ўзбилармончилик кайфияти ҳукмрон бўлиб қолмоқда», — деб ёзади мурожаатчилар.
Марказий аппарат ходимларига тинимсиз равишда ўз ваколатлари ва лавозим йўриқномаларига кирмайдиган вазифалар бажаришни ноқонуний равишда талаб этиш, ходимларни ярим тунгача ишлатиш, дам олиш ва байрам кунлари ишга чақириш ҳамда тинимсиз равишда режалаштирилмаган мажлислар ва йиғилишлар ўтказиш одатга айланган.
Киноижодкорлар коронавирус пандемияси муносабати билан ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, масофавий иш режимига ўтказиш бўйича ходимларнинг розилигисиз меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда буйруқлар қабул қилинган, баъзи ходимлар қўрқитиш ва таҳдидлар натижасида ўз лавозимларидан озод этилганини таъкидламоқда. Бош директор ўринбосари Низом Маҳмудовни ҳеч қандай ариза ва огоҳлантиришларсиз ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариш ҳақида буйруқ қабул қилинган.
Пандемия туфайли фильмлар ишлаб чиқариш тўхтатилгани, фильмлар намойиши ҳам амалга оширилмаётганига қарамай, бош директор томонидан кунлик, ҳафталик ва ойлик иш режалари ва ҳисоботларни топшириш вазифалари доимий равишда талаб этилмоқда ҳамда бажармаганлик учун агентлик таркибидаги корхона раҳбарларига кетма-кет огоҳлантиришлар ва ҳайфсан эълон қилинмоқда.
«Ҳар кунлик, ҳафталик ва ойлик иш режаларини ишлаб чиқиш ва ҳисобот беришда камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий жазолар берилиши ходимларнинг ишга бўлган муносабатига салбий таъсир кўрсатиб, оқибатда мантиқсиз ва сифатсиз ҳужжатлар тайёрланишига, Президент қарорлари ва ҳукумат топшириқларида назарда тутилган зарур ва муҳим ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳалигича қолиб кетишига сабаб бўлмоқда», — деб ёзади мурожаатчилар.
Сўнгги ярим йил ичида ўндан ортиқ тадбирлар ташкил этилган бўлиб, уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 1 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Бош директорнинг ўзи мунтазам равишда мақсадсиз хорижий сафарларга чиқиши, хорижий меҳмонларни кутиб олиш ва уларнинг харажатларини «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳисобидан қоплаш одатга айлангани таъкидланмоқда.
«Ўтказилаётан тадбирларда ва хориж сафарларида чет эл кинокомпаниялари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш масаласида шартномалар, келишувлар ва меморандумлар имзоланиши тантанали равишда бўрттириб кўрсатилмоқда. Аслида ушбу келишувлар аҳамиятсиз бўлиб, улар юзасидан конкрет шартномалар имзоланмаганлиги, уларнинг номига фақатгина кўзбўямачилик ва жамоатчиликни алдаш учун қилинаётганлигини англаш мумкин.
Масалан, 2019 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Халқаро кинофорумда Бутунроссия давлат кинематография институти билан 400 минг АҚШ долларига тенг шартнома имзоланганлиги эълон қилинди. Бироқ БДКИ ректори мазкур шартнома аҳамиятсиз ва кераксиз эканлигини таъкидлаб, институт шартномани талабаларнинг ўзи билан имзолашини билдирган.
Россиянинг ‘STV’, Inferno Entertainment, ‘Союзмультфильм’ ва бошқа кинокомпаниялари билан тантанали равишда меморандумлар имзоланди. Бу орқали мамлакатга инвестиция кириб келаётганлиги ҳақида кўпиртириб гапирилди ҳамда ОАВда кўп миллионлик лойиҳалар амалга оширилаётганлиги ҳақида эълон қилинди.
Хусусан, 2020 йилнинг март ойида оммавий ахборот воситаларида «Коронавирус пандемияси туфайли умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этган кинолойиҳалар тўхтатилди» деган ёлғон маълумотлар тарқатилди. Ҳақиқатда эса тарқатилган хабарларда келтирилган маълумотлар кинолойиҳаларнинг умумий бюджети ҳисобланиб, унинг бир қисмигина Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сарфланиши бўйича режалар тузилган ва музокаралар олиб борилган, холос», — дейилади киноижодкорлар мурожаатида.
Бундан ташқари, бош директор шахсан ўзи 2020 йилнинг ўзида Куала-Лумпур, Москва, Минск ва Берлин каби шаҳарларга расмий сафарлардан ўз шахсий мақсадлари йўлида фойдаланиб, гўёки ушбу сафарларда катта лойиҳалар ва келишувларга эришилгани ҳақида ОАВда маълумотлар тарқатилгани айтилмоқда.
Мурожаатчилар бош директор томонидан «тадбирбозлик» ва «пиарчилик» фаолиятини самарали ташкил қилиш учун агентлик таркибида бир неча ўнлаб ходимдан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) тизимида ишловчи ходимлар доимий равишда жалб этиб келинаётгани ҳамда ЭОАВМА таркибига кирувчи телеканаллар ва газеталардан усталик билан фойдаланиб келинаётганини таъкидламоқда.
Киноижодкорлар киностудиялар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларга оммавий намойишни амалга ошириш учун бир марталик рухсатнома бериш ариза топширилганидан сўнг 15 иш куни ичида кўриб чиқилиши белгиланган бўлса-да, бош директорнинг қатъиятсизлиги ва қарор қабул қилишдаги эътиборсизлиги туфайли бу жараён 51 иш кунигача чўзилган ҳолатлар кузатилгани таъкидланмоқда. Фирдавс Абдухолиқов раҳбар этиб тайинлангунга қадар бу каби ҳолат кузатилмаган, демоқда мурожаат муаллифлари.
Мурожаатчиларнинг ёзишича, Фирдавс Абдухолиқов пандемиядан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда.
«Ҳозирда юзага келган оғир вазиятдан (пандемиядан) ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, бюджетдан ажратилган катта маблағлар ҳисобига сўнгги йилларда яратилган янги фильмларни, улар ҳали тўлиқ прокат қилинмаган, халқаро кинофестиваллар ва кинобозорларда иштироки ҳамда пуллик намойишлари ташкил этилмаган бўлса-да, ЎзЭОАВМА тизимидаги нодавлат телеканалларда шартномасиз намойиш этишга бериб юборилган», — деб ёзади киноижодкорлар.
Мурожаатда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тизимидаги корхоналар фильмлар ишлаб чиқариш фаолиятидан фарқли равишда тадбирлар ўтказиш, тақдимотлар тайёрлаш ишларига жалб қилинаётгани, бош директорнинг оғзаки топшириқлари асосида 50 дан ортиқ ролик тайёрлангани, бироқ бунинг учун ижодкорларга хизмат ҳақлари берилмагани айтилмоқда. Шунингдек, «Республика кинофонди» корхонасининг 17 нафар ходими йил бошидан бери ойлик маошсиз меҳнат қилаётгани таъкидланмоқда.
«Бундан ташқари, ‘Ўзбеккино’ Миллий агентлиги балансида бўлган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмаётганлиги, ушбу бинолардан ижара асосида фойдаланиб келаётган корхона-ташкилотлар билан 2020 йил учун ижара шартномаларининг тузилиши 4 ойдан бери ҳал этилмаганлиги сабабли давлат бюджетига ва агентлик ҳисобига ўтказилиши керак бўлган катта миқдордаги ижара тўловларининг тушуми таъминланмасдан қолмоқда», — деб ёзади мурожаатчилар.
Давлат киностудиялари, хусусан «Ўзбекфильм» киностудияси бевосита ўз фаолияти билан шуғулланиш учун 2020 йил учун 20 тадан ортиқ фильмлар сценарийларини «Ўзбеккино» Миллий агентлигига киритганига қарамасдан, биронта фильмни ишлаб чиқаришга рухсат берилмаган.
«Молиявий ва ташкилий масалаларда вазирлик ва идоралардан фильмлар ишлаб чиқариш учун миллиардлаб сўм ва валюталарда инвестиция жалб этиш каби хаёлпарастлик (утопистик) ёндошувлар ‘Ўзбеккино’ Миллий агентлиги олдига мамлакат раҳбари ва ҳукумати томонидан белгилаб берилган аниқ вазифалар ижросини хавф остига қўймоқда.
Ҳурматли Абдулла Нигматович, Сиздан ‘Ўзбеккино’ Миллий агентлигида ва кино жамоатчилиги орасида юзага келган жорий ҳолатларни ижобий томонга ҳал этиш, кино соҳаси мутахассислари ва ижодкорлари ўзларининг асосий вазифалари билан шуғулланишини таъминлаш борасида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.
Зеро, миллий кино санъати ва индустриясини ривожлантиришга юзаки ёндошув натижасида соҳанинг ривожланиши ва ижобий натижаларга эришиши имконияти кун сайин камайиб бормоқда.
Юқорида кўтарилган масалалар бўйича алоҳида тайёрланган маълумотлар (фактлар) тўпламлари илова қилинади», — деб якунланади киноижодкорлар мурожаати. Ушбу маълумотлар тўплами «Дарё»га ҳам тақдим этилди.
«Ўзбеккино» муносабати
«Дарё» мухбирлари 16 апрель давомида «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовдан киноарбобларнинг ҳукумат раҳбарига мурожаати юзасидан изоҳ олишга уринди. Агентлик бош директорининг вакиллари дастлаб мурожаатнинг ўзи фейк, имзолар эса сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади (ваҳоланки, юқорида таъкидланганидек, мурожаатни маъқуллаган бир қатор киноарбоблар, хусусан, агентлик бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев ҳақиқатан ҳам ўзи имзолаганини «Дарё»га тасдиқлади).Шундан сўнг Фирдавс Абдухолиқовнинг вакиллари 16 апрель куни соат 18:00 га қадар мурожаат юзасидан расмий муносабат билдирилишини маълум қилди. Бироқ 18:00 да ҳам, ундан кейин ҳам бирор муносабат билдирилмади. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбарияти кино арбобларнинг бош вазирга йўллаган мурожаати юзасидан муносабат билдириши мақсадга мувофиқдир.
Изоҳ (0)