Футбол бўйича Бельгия чемпионатининг 2019/20 йилги мавсуми охиригача давом эттирилмайди, деб хабар бермоқда HLN.

Фото: «Брюгге»

Коронавирус пандемияси сабаб Бельгияда чемпионат давом эттирилмайди ва чемпион сифатида «Брюгге» жамоаси эълон қилинади. Иккинчи ўрин соҳиби сифатида «Гент» тан олинган ҳолда Чемпионлар Лигаси йўлланмасига эга чиқади.

Европа Лигаси гуруҳ босқичига йўлланмани «Шарлеруа» клуби қўлга киритади. «Антверпен» ҳамда «Стандард» клублари эса Европа Лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун саралаш босқичида иштирок этади.

Ушбу қарор лига раҳбарияти томонидан маъқулланган. Бу ҳақидаги расмий хабар эса бош ассамблеядан сўнг эълон қилиниши (15 апрель) кўзда тутилган. Бундан ташқари Бельгия Кубоги ҳамда 2 Лига мусобақаси бўйича қарор қабул қилиш учун махсус ишчи гуруҳ йиғилади.

Маълумот учун, Бельгия Про Лигасида 16 та жамоа бор. Улар дастлаб уйда ва сафарда бир-бирига қарши баҳс ўтказади. Дастлабки 6 та ўринни банд этган жамоалар эса иккинчи босқичда чемпионлик ҳамда еврокубоклар йўлланмаси учун курашни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Европада коронавирус сабаб деярли барча мамлакатлар футбол ва бошқа мусобақаларни тўхтатди. Фақатгина Беларусда миллий чемпионат баҳслари давом эттирилмоқда.

Мавзуга доир: УЕФА ўз тасарруфидаги барча мусобақаларни номаълум муддатга қолдирди

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!