Ўзбекистонда карантин шароитида уйда ёки изоляцияда бўлганларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Индийское кино», «Дом Кино», «Disney», «Euronews» ва «Discovery channel» телеканаллари очиқ режимда эфирга узатилади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур телеканалларнинг очиқ режимдаги намойиши Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси топшириғига мувофиқ амалга оширилади ва мамлакатда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар давом этади.

Ушбу телеканаллар фойдаланувчининг қурилмаси рўйхатида мавжуд бўлмаса, қурилмадаги «автоқидирув» функциясидан фойдаланиб, уларни топиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, карантин даврида уйда ўтирган мактаб ўқувчилари учун теледарслар тайёрланмоқда, интернет ва телефон алоқаси учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганда, улар ўчириб қўйилмайди.

Бундан ташқари, BeelineMobiuz, Uzonline ва Uzmobile ўз абонентларига коронавируснинг тарқалиши ҳақида тезкор ва расмий маълумотларни олиши учун «Дарё» ва бошқа сайтларга бепул кириш имкониятини тақдим этган.