Fitch халқаро рейтинг агентлиги Россия, Украина, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь ва Грузия банклари учун прогнозни коронавирус ва нефть нархларининг пасайиши фонида «салбий» даражага туширди. Бу ҳақда агентлик томонидан маълум қилинди.
Агентлик хабарига кўра, Ўзбекистон минтақадаги банк сектори прогнозлари барқарор бўлган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.
Fitch томонидан қайд этилишича, коронавируснинг тарқалиши ва нефть нархининг пасайиши сабабли юзага келган иқтисодий босим Россия ва қўшни давлатлар банклари учун салбий омил бўлиб, рейтингга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, банкларга тушадиган босим даражаси иқтисодий инқирознинг даражаси ва давомийлигига, миллий иқтисодиёт учун ўзига хос хавф-хатарлар ва ташқи молиявий манбаларга (масалан, нефть нархининг пасайиши, туризмдан келадиган даромад ёки пул ўтказмаларининг пасайиши), алоҳида банкларнинг индивидуал сиёсати ва бизнес портфелига боғлиқлиги айтилади.
Ушбу босим рейтингга салбий таъсир кўрсатиши ёки кўрсатмаслиги давлат ёки акциядорлар томонидан қўллаб-қувватланишига ҳам боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилиши маълум қилинди. Коронавирус сабабли зарар кўрадиган соҳалардаги корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш, туристик йиғимлар ундиришни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган. Карантин сабабли баъзи жисмоний шахслар ва ЯТТларнинг кредит тўловларини қайтаришида 1 октябргача имтиёзли давр берилади.
Изоҳ (0)