Италияда COVID-19 коронавируси одамлар организмида келтириб чиқарган касалликдан вафот этганларнинг ўлими ҳақидаги тафсилотлар ошкор қилинди. Инфекция юқтириб олган вафот этганларнинг 99 фоиздан кўп қисмининг соғлиғида бошқа муаммолар ҳам бўлган, деб ёзмоқда Италия соғлиқни сақлаш хизматлари тадқиқотларига таяниб Bloomberg.
Тадқиқотдан кўзланган мақсад — нима учун Италияда коронавирусга чалинганларнинг 8 фоизи вафот этаётганини аниқлашдан иборат. Экспертлар касалликнинг якуний босқичига етиб борганларнинг 18 фоизи ҳақидаги маълумотларни тадқиқ қилган. Bloomberg нашрининг қайд этишича, вафот этганларнинг ўртача ёши — 79 да экан.
Олимлар текширилган беморларнинг фақат уч нафарида аввал соғлиғи билан боғлиқ муаммолар кузатилмаганини аниқлаган. Ўлганларнинг деярли ярмида COVID-19’дан бошқа яна камида учта касаллик бўлган, чорак қисмида битта ёки иккита паталогия (организмнинг нормал ишламаслиги) кузатилган.
Баъзи беморларда юрак, айримларда эса диабет касаллиги бўлган. Тадқиқотлар давомида COVID-19 келтириб чиқарган пневмониядан вафот этган беморларнинг 75 фоизининг қон босими баланд бўлгани ҳам аниқланган.
18 март ҳолатига кўра, Италияда коронавирус юқтириб олганлар сони 31,5 минг нафардан ошиб кетган; 2,5 минг киши вафот этган, яна 5,7 минг нафар италиялик касалликдан тузалган.
Изоҳ (0)