Ва ниҳоят 2020 йилнинг иккинчи ойи ҳам ўз поёнига етмоқда. Январь ойи сингари февраль рейтинги ҳам қизиқ воқеа-ҳодисалар билан тўлди. Қуйида юз берган воқеаларнинг баъзиларини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Коронавирус васвасаси

Февраль ойи январдек коронавирус атрофидаги хабарлар, ваҳималар, рақамлар фонида бошланди. Ўтган ойдан буён  кенг тарқалаётган янги вирус атрофидаги воқеликлар февраль ойининг биринчи декадасига нисбатан пасайгани кузатилди. Бир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам Хитойдаги фуқароларни эвакуация қилди. 4—6 февраль кунлари Хитойнинг Ухань ҳамда Пекин шаҳарларидан чартер рейслари амалга оширилди. Хитойдан олиб келинган фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги махсус тайёрлаб қўйилган муассасаларда 14 кун давомида карантин остига олинди. Улар белгиланган вақт давомида махсус текширувлардан ўтказилди ва бирортасида ҳам вирус аниқланмади.

Фото: Google Photos

Аммо эвакуациядан ҳамма ҳам бирдек рози эмас. Жумладан, Украинанинг Полтава вилоятида одамлар эвакуация қилинганлар кетаётган автобусни белгиланган ҳудудга киритмаслик мақсадида йўлини тўсиб чиққани шов-шувларга сабаб бўлди.

Февраль ойининг иккинчи ва учинчи декадалари коронавируснинг дунё бўйлаб кенг тарқалиши ҳақидаги хабарларга тўлиб кетди. Хитойдан ташқаридаги мамлакатларда касаллик тарқалиши ва ўлим ҳолати бўйича Жанубий Корея (касалланганлар 2 минг нафардан ошиб кетди, 13 киши вафот этди) ва Эрон (95 киши касалланди, 15 киши вафот этди) мамлакатлари етакчилик қилмоқда.

Европа давлатлари орасида эса Италия энг кўп коронавирус қайд этилган мамлакат бўлиб қолмоқда. Италияликлар орасида 220 нафарга яқин киши касалланган бўлса, шулардан 167 нафари биргина Ломбардия вилоятига тўғри келади. Ломбардия Европада коронавируснинг ўчоғи бўлиши мумкин. Мамлакатда олти киши ҳалок бўлди. Италияда биринчи ўлим 21 февраль, жума куни, қайд этилган эди. Шундан сўнг мамлакат саккизта шаҳарни туристлар учун ёпиқ деб эълон қилди ва бир қатор футбол учрашувлари бекор бўлди.

24 февраль ҳолатига кўра, бутун дунёда 80 мингдан ортиқ киши вирусни юқтириб олган бўлса, 2619 таси вафот этди. Вафот этганлар орасида 28 нафари Хитойдан ташқаридаги мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу рақамлар яна ортиши мумкин. Шунингдек, шу куни яна бир қатор давлатлар — Афғонистон, Ироқ, Кувайт ва Баҳрайнда ҳам вирус юқтирганлар аниқланди. Покистон Эроннинг Қум вилояти билан чегара қисмидаги зиёратчилардан иборат 200 кишини карантин остига олди.

Хитой ҳукумати эса коронавирус тарқалишига олиб келган ёввойи ҳайвонлар сабабли барча турдаги ёввойи ҳайвонлар савдоси ва истеъмолини зудлик билан бутунлай тақиқлашга қарор қилди. Шунингдек, ҳар йили 5 мартда ўтадиган Коммунистик партиянинг ялпи мажлисининг номаълум муддатга қолдирганини эълон қилди. Айтишларича, Хитой коммунистик режим остида ҳали ҳеч қачон бунчалик инқироз ёқасига келиб қолмаган эди.

Яна бир қизиқ маълумот, касаллик бундан буён COVID-19 деган махсус кодли ном билан аталадиган бўлди. Воқеалар ривожининг бу тарзда кескин тус олишини ҳеч ким кутмаган эди ва кўринишидан муаммо тез орада ҳал бўладиганга ўхшамайди.

Идлиб — эски можаронинг янги нуқтаси

Бутун дунё коронавирус билан овора бўлиб турганидан фойдаланган Сурия ҳарбий кучлари 3 февраль куни демилитаризацияланган ҳудуд ҳисобланган Идлиб провинциясидаги Сақориб шаҳрида жойлашган Туркия ҳарбий базасига қарата ракета зарбалари берди. Ракета ҳужумлари натижасида беш нафар аскар ва уч нафар турк ҳарбий кучларининг масъул ходими ҳалок бўлди. Бунга жавобан эса турк ҳарбийлари 46 та Сурия қўшинлари позициясига 222 та ракета зарбаси берди.

Фото: Google Photos

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 35 нафарга яқин Сурия ҳарбийси ҳалок бўлганини айтди. Сурия бўйича инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра эса бу рақам 12 нафарни ташкил этди. Аммо ҳар иккала маълумот ҳам Сурия ҳукумати томонидан тан олинмади. Айнан мана шу воқеалардан кейин Сурия ва Россия ўртасидаги муносабатлар бироз таранглашди. Бу билан ҳодисалар якунланмади. Бир қатор ҳарбий амалиётлардан кейин Сурия қўшинлари 11 февраль куни шаҳарни эгаллаб, у ерда ўз назоратини ўрнатишга муваффақ бўлди.

Февраль ойида давом этган тўқнашувлар оқибатида туркиялик 16 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани маълум қилинди. Туркия бир неча ҳафтадан буён Сурия шимолидаги Идлиб провинциясида ҳарбий амалиётларда иштирок этмоқда. Туркиянинг бундай қарорга келишига эса 2019 йилнинг декабрь ойидан буён Сурия ҳукуматининг Идлибни қайта эгаллаш учун бошлаган амалиётлари сабаб бўлди.

2018 йил сентябрда Сочида Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида Идлибда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилган, Идлиб ҳарбий ҳаракатлардан ҳоли ҳудуд, дея тан олинган эди. Туркия ҳарбий қўшинларининг вилоят ҳудудига киритилишига сабаб қилиб ўз чегарасидаги хавфсизлик масалаларини кўрсатди. Шунингдек, минтақада вужудга келадиган ҳар қандай ҳарбий амалиёт Туркия ҳудудига қочоқлар оқимини кучайтириб юбориши ҳам мумкин. Бугунги кунгача Туркия ўз ҳудудига 3,7 миллион суриялик қочоқларни қабул қилди.

19 февраль куни Президент Эрдўғон Сурия ҳарбийларига қарши зарба бериш билан таҳдид қилди. Бунга жавобан эса Путин Эрдўғонни Сурия ҳудудидаги «террорчи» гуруҳларни қўллаб-қувватламасликка чақирди. Шунингдек, Туркия ва Россия ташқи ишлар вазирлари Мюнхенда ўтган хавфсизлик саммитида Суриядаги вазият юзасидан учрашув ўтказди.

Тарангликка қарамай, иккала тараф ҳам Суриядаги вазиятнинг чигаллашиб кетишини хоҳламайди. Бугунги кунда Сурия масаласи бўйича етакчи ташқи кучлар айнан Россия ва Туркия бўлиб турибди. Россия расмий Дамашқ ҳукуматини қўллаб-қувватласа, Туркия, асосан, мусулмон суннийлардан иборат ҳукуматга қарши кучларни қўллаб келади.

Қозоғистондаги этник можаро

Собиқ Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг Марказий Осиё ҳудуди бир неча бор этник можаролар майдонига айланди. Шундай этник можаролардан бири 7 февраль куни Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Масанчи қишлоғида юз берди. Қозоғистоннинг Қирғизистон билан чегараси яқинида қозоқлар ва дўнганлар ўртасида кучли тўқнашув бўлди.

Тўқнашувга дўнганларнинг қозоқ миллатига мансуб қарияни калтаклагани сабаб бўлгани айтилди. Тўқнашув оқибатида жами 10 киши ҳалок бўлди, 137 киши турли даражада тан жароҳати олди. Жароҳатланганлардан 37 нафари шифохонага ётқизилди. Масанчи қишлоғида яшайдиган дўнганларнинг кўпчилиги Қирғизистон ҳузурига қочиб ўтди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 30 дан ортиқ уй, 15 та савдо объекти ҳамда 23 та автомашинага зарар етказилган.

Фото: Google Photos

Масанчи қишлоғида, асосан, келиб чиқиши хитойлик мусулмонлардан бўлган дўнганлар истиқомат қилади. Улар XIX асрда Хитой ҳукумати таъқибидан қочиб Марказий Осиё, жумладан, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудига келиб ўрнашган.

Ушбу воқеалардан кейин Ўзбекистондаги таниқли блогерлардан бири, тилшунос ва журналист Элдор Асанов ўз блогида дўнганлар ҳақида мақола ёзиб қолдирганди.

Олтинсойдаги адолатсизлик

15 февраль куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги «Халқобод» маҳалласида маҳаллий аҳоли ва ички ишлар ҳамда ҳокимият органи ходимлари ўртасида тўқнашув юз бергани ҳақидаги видео тарқалди. Можаронинг сабаби эса экин экиладиган ер майдонларда маҳаллий аҳоли томонидан қурилган ноқонуний турар жой биноларинининг бузилиши бўлган.

Маълум бўлишича, ушбу ер майдонлари аввалги ҳокимият ходимлари томонидан фуқароларга ноқонуний равишда сотилган. Аммо охирида маҳаллий аҳоли айбсиз айбдорга айланиб қолган. Воқеа матбуотда, жумладан, сайтимизда ҳам батафсил ёритилгани учун тафсилотларга тўхталиб ўтирмаймиз. Бу ҳақда бир қатор сиёсий арбоблар, Олий Мажлис депутатлари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди. Улар орасида Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг фикрлари ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди.

Аслида, бундай ҳолатларда депутатларнинг муносабат билдириши жуда муҳим ҳодиса ҳисобланади. Чунки маҳаллий ҳокимият томонидан таъқиб ва тазйиққа учраган халқ депутатлар «ҳимояси»га муҳтож бўлади. Депутат, биринчи навбатда, халқ вакили бўлгани учун халқ манфаатларини илгари суриши лозим. Қодиров эса айни шу пайтда кескин баёнот бериб катта хатога йўл қўйди.

Айниқса, унинг Facebook ижтимоий тармоғидаги савол берувчига қарата айтган «мени сиз сайламагансиз» қабилидаги гаплари табиийки ижтимоий тармоқлардаги кўплаб изоҳларга сабаб бўлди. Олтинсойда одамларнинг уйи бузилиши борасидаги қарорлар ва «ноқонуний» деб топилаётган ер майдонларида қурилган уй-жойлар биринчиси эмас. Бундай ҳол йиллар давомида бутун республика ҳудудида кенг тарқалган ҳодиса эди.

Айни шу воқеалар, яъни Олтинсойдаги оддий фуқароларнинг уйи бузилиши фонида россиялик бир гуруҳ хоккейчиларга ваъда қилинган Tashkent City ҳудудидаги уйларнинг калити тантанали топширилиши жуда қизиқ чиқди.

Голливуддан «Оскар»ни тортиб олган «Паразитлар»

9 февраль куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги Dolby театрида 92-анъанавий «Оскар» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги «Оскар» мукофотини топшириш маросими ҳам ўтган йилгиси сингари бошловчиларсиз ташкил қилинди. Маросимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда мукофот тарихида илк бор Голливудда суратга олинмаган фильм йилнинг энг яхши фильми деб топилди. Жанубий кореялик режиссёр Пон Жун Хо томонидан суратга олинган «Паразитлар» фильми 4 та номинация бўйича ғолиб деб топилди: энг яхши фильм, энг яхши хорижий фильм, энг яхши режиссёрлик иши ва энг яхши сценарий учун.

Фото: Google Photos

Кўпчилик кутганидек, йилнинг энг яхши актёри деб «Жокер» фильмида бош ролни ижро этган Хоакин Феникс тан олинган бўлса, энг яхши актриса номинациясида «Жуди Гарленд» фильмидаги Жуди роли учун Рене Зеллвегер ғолиб деб топилди. Машҳур актёр, «Троя» фильмидаги роли билан танилган Бред Пит «Бир пайтлар Голливудда» фильмидаги роли учун энг яхши иккинчи пландаги актёр номинацияси ғолиби деб эълон қилинди.

Навоийхонлик ва Babur Day

Бу ой Ўзбекистонда ҳам маданий тадбирлар ҳар йилгидек Алишер Навоий ва Бобур таваллуди саналарига тўғри келди.

9 февраль Алишер Навоий таваллуди муносабати билан бир қатор тадбирлар уюштирилди. Навоий ҳайкали олдига йиғилган жамоатчилик кенгаши вакиллари, санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар шоирнинг ғазалларидан намуналар ўқиди.

14 февраль куни эса шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд санаси кўлами жиҳатидан Алишер Навоийникидан фарқ қилса-да, ижтимоий тармоқлардаги Happy Babur Day махсус ҳештеги орқали жуда машҳур бўлди. Бир неча йилдан буён ижтимоий тармоқларда шундай ҳештег ўтказиш одат тусига кириб қолди.

Бу йил ҳатто хорижлик дипломатлар ҳам бунга эътибор қаратди. Аввалига АҚШ элчиси Дэниел Розенблум Алишер Навоий ижодидан намуналарни ўзбек тилида ўқиган бўлса, Буюк Британия элчиси ижтимой тармоққа Happy Babur Day ҳештегли суратини жойлаштирди. Бу эса тармоқ фойдаланувчиларининг эътиборидан четда қолмади. Жумладан, таниқли блогер, Alimoff Telegram канали асосчиси Нурбек Алимов ўз каналида қуйидагича изоҳ қолдирди:

«Бобурийлар сулоласини йўқотиб юборганлар Бобур кунини нишонламоқда) Қизиқда дунёнинг ишлари».

Мана, яна бир ойни ҳам ортда қолдирдик. Келадиган ой эса барчага яхшиликлар билан келсин.