Кимлардир у олиб бораётган сиёсатни қоралайди, кимлардир учун эса у шунчаки даҳо. Баъзида унинг сўзларидан шокка тушиш, фаолиятидан мантиқ қидириш ва бу каби сифатлар унинг шахсига қизиқишни янада ортишига сабаб бўлиши мумкин. Замонамизнинг энг зиддиятли сиёсатчиларидан бири, қаерда ва ким билан эканлигидан қатъи назар ҳамиша айтар сўзи ва позицияси бўлган Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бугун, 26 февраль куни, 66 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан унинг ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Кимсиз ўзи, жаноб Эрдўғон?
Ражаб Тоййиб Эрдўғон 1954 йил 26 февралда Туркиянинг Истанбул шаҳрида туғилган. Миллати ҳақида гап кетганда асосийси мусулмон эканини таъкидлайдиган давлат раҳбари грузиялик журналистларга берган интервьюларидан бирида ажарларга боғлиқлигини тилга олган, лекин кейинроқ бу сўзларни инкор қилган. Бўлажак президентнинг отаси соҳил қўриқчиси, онаси эса уй бекаси бўлган.
Ёш Тоййиб ота-онасига молиявий кўмаклашиш мақсадида шаҳарнинг хавфли ҳудудларида симит (ширинлик) ва лимонад сотган. 1965 йилда Пияле Паша бошланғич мактабини тамомлагач, имом-хатиблик лицейига қабул қилинган.
Ёшлигида аксар болалар сингари футболга қизиқди ва «Фенербахче» футбол клубида ярим профессионал ўйинчи сифатида тўп сурди. 1981 йили Мармара иқтисодиёт университетини тамомлади. Сиёсат билан шуғулланишни талабалик йилларидаёқ бошлади. 1975 йилда Бейўғлуда «Миллий нажот партияси» ёшлар ҳаракатига асос солди. 1994 йилда Истанбулга ҳоким бўлди, 1997 йилда эса у қўллаб-қувватлаган «Фаровонлик» партияси тақиқланди ва Эрдўғон 10 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
1999 йилнинг июлида муддатидан аввал озод қилинди. Кейинчалик «Адолат ва тараққиёт» партиясига раҳбарлик қилди.
2002 йилда парламентда Эрдўғон партиясидагилар кўпчиликни ташкил қилди, бу эса бир партияли ҳукуматни шакллантиришга имкон берди. 2003 йилда у Туркиянинг бош вазири этиб тайинланди. 2014 йил Туркияда бўлиб ўтадиган илк халқ сайловида 52 фоиз натижа билан халқ томонидан сайланган илк президент бўлди. 2018 йил 24 июнда амалдаги раҳбар 52,5 фоиз натижа билан янгидан президент этиб сайланди.
Дўстликдан душманликка бир қадам
Аввалига Эрдўғон ва «Хизмат» ҳаракати асосчиси Гулен устоз-шогирдлик муносабатида бўлган. Гулен илгари сурган исломийликка асосланган ғоялар ўша вақтда халқ ичида машҳур бўлиб борган ва ташкилот томонидан мактаблар очилган. У ерни битирувчилари ОАВ нодавлат ташкилотларида фаолият юритган.
Бора-бора мактаблар нафақат Туркия, балки бошқа мамлакатларда ҳам очилди. «Адолат ва ривожланиш» партияси ҳамда «Хизмат»ни умумий қарашлар бирлаштириб турган «гуленчилар» ва «адолатчилар» 2002 йилда ҳамкорликда фаолият олиб борди. «Хизмат» партияни сайловда мунтазам қўллаб-қувватларди.
Бироқ Гуленнинг Эрдўғон сиёсий хатти-ҳаракатларини танқид қилишга жазм қилгани ўша вақтларда бош вазир лавозимида бўлган Эрдўғонга ёқмади ва алалоқибат 2013 йилда дўстона муносабатларнинг ўртасидан дарз кетди. Бунга Гулен Эрдўғон қўл остидаги баъзи вазирларни порахўрликда айблагани ва уларни ишдан бўшатишни тавсия қилгани ҳамда Истанбул марказидаги Gezi Park’нинг бузилишига қарши тинчлик руҳида ўтказилган акцияга полициянинг қатъий чоралар кўрганини қоралагани сабаб бўлганди. Ҳукумат ўтказилган намойишни тинчлик йўли билан тарқатмагани, аксинча, шунчаки позициясини билдирган халққа ноҳақ муносабатда бўлгани фуқароларнинг кўчада намойишга чиқишига олиб келди. Полиция билан тўқнашувда бир неча киши ҳалок бўлди. Бу каби ҳаракатлар ортида Гулен турганидан шубҳаланган Эрдўғон «Хизмат»га қарашли тайёрлов курсларидан тортиб ўқув муассасаларигача ҳаммасини ёпишни буюрди.
Бироз муддатдан сўнг Туркияда «катта пора» операцияси ўтказилиб, унда Эрдўғон атрофидаги 52 киши ҳибсга олинди. Асосан партия аъзолари, кўзга кўринган тадбиркорлар, Halkbank’нинг бошқарувчилари, шунингдек, уч вазирнинг ўғли қамоққа олинди.
Гулен ярашмоқчи бўлиб мактуб ёзди, лекин муносабатларни тиклашга кеч эди.
Дуэл очиқчасига урушга айланди, кескин чоралар кўрилди. Туркияда «Хизмат»га алоқаси борларнинг, хусусан, ташкилотга хизмат қилинганликда гумон қилинган полиция ходимлари ва журналистларнинг бари ҳибсга олинди. 2014 йилда Истанбул суди прокуратура талабига биноан Гуленни мамлакат раҳбарияти сўзлашувининг ноқонуний тинглашда айблаб ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Кўп ўтмай ҳукумат «гуленчилар» ҳаракатини террористик ташкилот, ташкилотнинг тарғибот китобларини эса экстремистик адабиёт деб эълон қилди.
Гуленга алоқадор таълим муассасалари ва ОАВда «тозалаш ишлари» олиб борилди. Давлат тўнтаришига уринишдан бир кун олдин – 2016 йил 14 июлда Анқара прокуратураси Гуленни экстрадиция қилиш тўғрисида АҚШ Адлия вазирлигига расмий сўров юбормоқчи бўлди.
Ўзи бекор қилган ўлим жазосини тикламоқчи бўлган сиёсатчи
Эрдўғон амалга оширган ислоҳотларнинг аксарияти Европа иттифоқига киришга қаратилганига қарамай, 2015 йилда Туркия Европа иттифоқига қўшилиш учун ялинмоқчи эмаслигини маълум қилди. 2016 йил июлда Туркияда давлат тўнтаришга уриниш бўлиб ўтди ва уни ташкиллаштиришда Фатҳуллоҳ Гулен айбланди.
Мавзуга доир: Туркиядаги ҳарбий тўнтаришлар тарихи
Аслида 2004 йилда Европа иттифоқига қўшилиш мақсадида расман бекор қилинган ўлим жазосини тиклаш ҳақидаги сўзларидан кейин иттифоққа кириш эҳтимоли янада мураккаблашди. Иттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Туркияда ўлим жазоси тикланса, у Европа иттифоқига кира олмаслигини билдирди. Бунга жавобан Эрдўғон Европа мамлакатлари ва Евроиттифоқ институтлари Туркияга нисбатан самимий сиёсат юритишини хоҳлашини билдирди.
Эрдўғон собиқ сафдошини тўнтарилишни уюштирганликда айблади. Бу воқеадан кейин тозалаш ишлари авжига чиқди. Бу сафар давлат бошқаруви, армия, махсус хизмат ҳамда таълим муассасаларида Гулен билан алоқаси борлиги гумонланган жами 32 минг киши ҳибсга олинди, яна 10 мингга яқин фуқаро лавозимидан озод этилди. Тўрт йил аввал бошланган «тозалаш ишлари» бугунга қадар давом этиб келмоқда.
Эрдўғон: БМТ нега жим?
Эрдўғон ташқи сиёсатда ўзининг кескин қарашлари, позицияси билан турли муносабатларга сабабчи бўлиб келади. БМТ бош ассамблеясининг 74-сессиясида сўзлаган нутқи ОАВда бомба материаллар, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабабчи бўлган. Унда бир қанча мавзуга тўхталган президент Исроилни очиқчасига танқид қилиш билан бирга, БМТ қарорлари амалга оширилмаслигини таъкидлаган.
https://youtu.be/TasmoXfOLQI
Германия сайловолди жараёнларида «Христиан демократлари», «Социал-демократлар» ва «Яшиллар» партиясини Туркиянинг душмани деб атаб, Германияда истиқомат қилувчи ватандошларини овоз бермасликка чақирган.
https://youtu.be/pmOWdT5MXwk
Бу каби кескин муносабатлар Россия, АҚШ, Сурия ва Исроил билан ҳам кузатилган. 2015 йилнинг 24 ноябрь куни Туркиянинг F-16 қирувчиси Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширган. Расмий Анқара Россия ҳарбий самолёти Туркия ҳаво чегарасини бузганлигини эътироф этган. Кремль эса буни рад этиб, ҳаво кемаси Сурия ҳудудидан ўтмаганини уқтирган. Бу ҳолатни Туркия президенти «қора кўланка» деб атаган. Бу воқеа Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг кескин ёмонлашувига сабаб бўлган. Аммо кейинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон россиялик ҳамкасби Владимир Путиндан уриб туширилган Су-24 самолёти учувчисининг ўлими учун узр сўраган.
Кейинчалик Туркиянинг Россия билан муносабатлари яхшиланди. АҚШнинг курдларга ёрдами, Европанинг санкциялари фонида Россия Туркияга C-400 тизимларини етказиб беришни бошлаши туфайли Вашингтон жазавага тушди ва икки давлат орасидаги муносабатлар кескинлашди.
Умуман, Эрдўғоннинг ташқи сиёсати мана шундай кескин бурилишлар билан диққатга сазовор. АҚШ билан муносабатлар бузилганда асосий иттифоқчига айланишга номзод бўлган Россия бугун Туркия билан уруш ҳолатига келиб қолди.
Мавзуга доир:
Оиласи ва коррупция можароси
Туркия раҳбари 1978 йилда Эмине Гулбаран билан турмуш қурган. Унинг турмуш ўртоғи аксари биринчи хонимлар сингари хайрия ишларида фаол иштирок этади. Давлат раҳбарининг тўрт нафар фарзанди бор, улардан иккиси ўғил – Нажмиддин Билол, Аҳмет Бурак ва икки қиз – Эсра ҳамда Сумайя. Ўғиллари нефть бизнеси билан, қизлари онаси каби хайрия ишлари ҳамда мамлакатда аёллар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Президент оиласи Анқарада жойлашган Оқсаройда истиқомат қилади. Кремл ва Оқ Уйдан ҳам катта ушбу масканда, маълумотларга қараганда, мингга яқин хона мавжуд.
https://youtu.be/DMdOguL21W0
«Гуленчилар»га қарши қувғинлар бўлаётган йилларда президентнинг ўғли Билол ҳам судга чақирув қоғози олганлар ичида бор эди, лекин у жавобгарликка тортилмади.
Орадан кўп ўтмай, у яна жамоатчилик диққат марказида бўлди. Ота-боланинг телефондаги суҳбати ёзиб олинган аудио тарқалиб, катта шов-шувга айланди. Суҳбат давомида Эрдўғон ўғлига пора олиш йўллари ҳамда уйда сақланадиган катта миқдордаги пулдан қандай қилиб қутулиш йўлларини ўргатган.
Эрдўғон аудиони сохта, «катта пора» операциясини «гуленчилар»нинг ҳукуматга қарши фитнаси деб атаган бўлса-да, бу воқеа унинг обрўсига жиддий путур етказди. Бундан ғазабланган Эрдўғон тўнини тескари кийди.
Ўзбекистон билан илиган муносабатлар
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарияти ўртасида охирги йилларда илиқ муносабатлар ўрнатилди. Ташқи сиёсати очилаётган Ўзбекистон Туркия тадбиркорлари учун янги бозор очилиши демак эди. Инвестицияларга муҳтож Ўзбекистон ҳам Туркияга ишончли ҳамкор сифатида қаради. Икки давлат раҳбарининг ўзаро ташриф алмашуви алоқалар йўлга қўйилишига асос бўлди.
2017 йилнинг октябрида Шавкат Мирзиёев Туркияда биринчи марта бўлди. 2018 йилнинг 29 апрелидан 1 майига қадар Эрдўғон ҳам Тошкентга келди. Бу ташрифлардан сўнг дипломатик муносабатлар шиддат билан ривожланди: савдо шартномалари тузилди, ҳамкорликдаги лойиҳалар ишга туширилди, Ўзбекистон TurkSoy’га қўшилди.
Жорий йилда Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифига биноан 19—20 февраль кунлари яна Анқарада бўлди. Президентлар раислигида олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, шунингдек, Туркия президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.
* * *
Туркия раҳбари замон билан ҳамнафас бўлишга уринади: унинг Instagram ва Twitter’да саҳифаси мавжуд.
Изоҳ (0)