Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Челак шаҳри Кўктепа қишлоғидаги рақамсиз уйдан 22 февраль куни 40 ёшли Ж.Г. исмли эркак осилган ҳолда топилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

«Унинг чўнтагида 17 февраль куни Жиззах шаҳри «Кимёгар» маҳалласи Сайилгоҳ кўчасидаги хонадонда 1991 йилда туғилган рафиқаси Н.Г.ни қасддан ўлдириб, устидан қулфлаб кетгани ҳақидаги хати мавжудлиги аниқланган», — дейилади прокуратура ахборотида.

Хатдаги маълумотга асосан Жиззах шаҳар «Кимёгар» маҳалласи Сайилгоҳ кўчасидаги хонадон кўздан кечирилганида Н.Г. исмли аёлнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган. Экспертиза хулосасига кўра, аёл бўғиб ўлдирилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган», — дея қўшимча қилинган прокуратура ахборотида.