«Ливерпуль»нинг айни дамдаги таркиби, балки клуб тарихидаги энг кучлиси бўлиши мумкин. Юрген Клопп жамоаси деярли 30 йилдан бери (сўнгги бор 1989/90 йилги мавсум) орзиқиб кутилаётган Англия чемпионлигига яқин турибди. Ўтган мавсум эса Европа Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритишга улгурди.

Ҳатто яқинда навбатдаги 10 йилликнинг бош юлдузи бўлишга асосий даъвогар сифатида қаралаётган Килиан Мбаппе ҳам Мерсисайд клубига бўлган муносабатини «ғалаба машинаси» жумлалари билан эътироф этди. Ҳозирги «Ливерпуль» ўзининг катта мақсадлари, хоҳишларига эга. Клубда энг яхши ва юлдуз футболчиларни ўз сафига қўшиб олиш имконияти бордек кўринмоқда. Бироқ клубда бундай ҳолат ҳар доим кузатилган эмас. Жумладан, доимий маблағ танқислиги, рақобатчи клубларнинг ёш футболчиларга берадиган катта таклифлари — «Ливерпуль»нинг юқори даражали футболчилар билан шартнома имзолашига тўсқинлик қилиб келган. «Қизиллар» ҳатто ҳаммаси ҳал бўлаётган вақтда ҳам айрим футболчилар билан шартнома имзолай олмаган. Масалан, футболчи тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган, бироқ клуб уни рад қилишга мажбур бўлган ҳолатлар бўлган. Шу каби сабабларга кўра, «Ливерпуль» бир неча бўлажак юлдуз футболчилардан қуруқ қолган.

Энди эса «Ливерпуль» қуйида номи келтириладиган футболчилар билан шартнома имзолаганида нима бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Гарет Бэйл

Фото: Getty Images

2005/06 йилги мавсумда «Ливерпуль» скаутлари «Болтон Уондерерс» ҳамда «Саутҳэмптон» клубларининг ёш жамоалари ўртасидаги баҳсни кузатиш учун стадионга боради. Скаутлар учрашувга Гарет Бэйлнинг «Саутҳэмптон»даги жамоадоши Девид Макголдрикнинг ўйинини кузатиш ниятида эди. Бироқ ўйин вақтида уларнинг эътиборини чап қанотда тўп сурган уэлслик йигит тортди.

«Ўша куни чап қанот ҳимоячиси шунчаки қойилмақом ҳаракат қилди», — дейди «Ливерпуль»нинг ўша вақтдаги делегацияси аъзоларидан бири. «Ортга қайтиб, клуб раҳбариятига шундай дедик: Макголдрик биз учун эмас, аммо биз Гарет исмли йигитча билан шартнома имзолашимиз шарт».

«Ўша вақтда ҳеч ким Бэйл ҳақида гапирмасди. Саутҳэмптонда ҳам унинг кучига ҳали ҳеч ким ишонмас, Гарет эса эндигина у ерда стипендияга эга бўлганди, холос», — дея ёдга олади скаутлардан бири.

Ўша вақтда «Ливерпуль»нинг Даррен Поттер исм-шарифли ярим ҳимоячиси «Саутҳэмптон» сафида ижара асосида тўп сурарди. Мерсисайд клуби эса Поттерни Бэйлга ортиқча тўловларсиз алмаштиришни таклиф қилди. «Авлиёлар» раҳбарияти бўлса Поттерга қўшиб, бироз маблағ тўлашни ҳам талаб қилди. Агар пул қўшилганда, Гарет трансфери амалга ошиши мумкин эди.

Бэйлнинг ҳали ёш эканлиги ва клубнинг қўйган талаби «Ливерпуль» раҳбарияти кулгисига сабаб бўлди. Уларнинг фикрича, Бэйл ҳали «болакай», Поттер бўлса, аллақачон профессионалга айланган футболчи эди.

Келаси мавсумнинг ўзидаёқ Гарет 10 миллион фунт эвазига «Тоттенҳэм» футболчисига айланди. Кейин эса «Реал»га ўтиб, дунёнинг энг қиммат футболчиси сифатида эътироф этилди. Мадрид билан Чемпионлар Лигасида 4 марта ғолиб чиқди. Ҳатто «қизиллар» дарвозасига финал беллашувида қойилмақом гол ҳам урди. Ўз вақтида профессионал сифатида эътироф этилган Поттер «Ливерпуль» сафида атиги 17 та ўйин ўтказиб, сўнгра Англиянинг қуйи дивизион клубларига йўл олди-қолди.

Криштиану Роналду

Фото: Getty Images

«Ливерпуль» — Англиянинг энг яхши клубларидан бири. Ўз тарих ва анъаналарига эга шундай клуб сафида тўп суриш эса ҳар бир футболчи учун орзу. Улар мен ва «Спортинг»га мос келадиган таклиф билан чиқишига умид қиламан», — деган эди Криштиану Роналду 2003 йил журналистларга берган интервьюсида.

2003 йил португалиялик футболчини деярли Европанинг барча клублари кузатиб борди. Унинг номи жуда кўп жамоалар билан бирга тилга олинди. «Ливерпуль» устози Жерар Улье ҳамда унинг ёрдамчиси Фил Томпсон Криштианунинг қандай ўйин кўрсатаётганини кўриш учун Лиссабонга ҳам борди.

«Унинг номини деярли барча клублар билан бирга тилга олинганди», — дея эсга олади Фил Томпсон.

Футбол агенти Пол Стретфордга ишлаган «Манчестер Сити»нинг собиқ футболчиси Тони Генри Роналдунинг агенти Жорже Мендешдан мижозига бўлган қизиқишни ошириш бўйича топшириқ олганди.

«Улар Роналдуни сотишга қаттиқ киришганди. Шу боисдан мени унинг ўйинини кўришга таклиф қилишди. Улар шартномадан олинадиган комиссия тўлови 4 миллион фунтни ташкил қилиши, фақат бу сумма 4 йиллик шартнома даврида йилига 1 миллион фунтдан тўланиши ҳақида айтишди.

Мен эса Роналду қанча маош олишни хоҳлаётганини сўрадим. Улар Кришнинг солиқлардан ташқари йиллик 1 миллион фунт маошга рози эканлигини маълум қилди. Бу 18 ёшли йигитча учун ҳаддан ортиқ кўп эди. Аммо бу сумма борасида савдолашиш мумкин эди.

Ўша куни якшанба эди. Уларга Ливерпулга қайтишим кераклиги ва Жерар Улье билан гаплашиб нималар қила олишимиз мумкинлигини ўйлаб кўришимиз лозимлигини айтдим. Ҳамма маълумотларни Ульега бердим. У эса клуб бош директори Рик Парри билан гаплашишини айтди.

Навбатдаги ҳафта Мелвуддалигим вақти Sky Sports хабар қиляпти: «Манчестер Юнайтед» 12,2 миллион фунт эвазига Криштиану Роналдуни «Спортинг»дан сотиб оляпти». Кўзларимга ишонмасдим. Қандай қилиб, бир неча кун ичида унинг учун тўлов 4 миллиондан 12,2 миллион фунтга ошиб кетди? Улье эса менга қўнғироқ қилиб, Тони Генридан вазиятни тушунтириб беришини сўрашимни айтди. Тони бўлса, ҳамма гап Жорже Мендешда бўлганлигини маълум қилди.

Тўловнинг 3 баравар ошиб кетгани ҳайратланарли эди. У катта иқтидор эгаси эди, бироқ ҳеч ким унинг олдиндан қанчалик буюк футболчи бўлишини олдиндан айта олмасди.

Фил Томпсон, мураббий

«Ливерпуль»да эса ўша вақтда икки нафар иқтидорли ёш ҳужумчи ҳужумчи бор эди. Синама-Понгол ва Энтони ле Таллек. Ульеда эса Роналду сабаб клубнинг маошлар бўйича структурасига зарар етиши мумкинлиги, унинг эса кийим алмаштириш хонасига таъсири борасида хавотирлари ҳам бор эди. Шу тариқа Роналду «Манчестер Юнайтед»га ўтди-кетди.

Дани Алвес

Фото: Getty Images

Трансфер якунига етиб қолганди. 2006 йил ёзида «Севилья» бразилиялик ўнг қанот ҳимоячиси Дани Алвесни 8 миллион фунт эвазига «Ливерпуль»га сотишга розилик билдирганди. Аммо трансфер якунидан олдин Рафа Бенитес муаммога дуч келди. Клуб раҳбарияти Бенитесга иккита йўлни таклиф қилди. Испаниялик мутахассис «Севилья»дан Алвесни ёки ҳужумчи сотиб олишни танлаши керак эди. Клуб ҳам ҳимоячи, ҳам ҳужумчи сотиб ололмаслигини Бенитесга маълум қилди.

Ҳужум чизиғини кучайтиришга эҳтиёж сезиб турган Бенитес «Фееноорд»дан 9 миллион фунт эвазига Дирк Кёйтни сотиб олиш вариантида тўхташга мажбур бўлди. Шу тариқа Алвесни «Энфилд»га олиб келиш режаси барбод бўлди.

Алвес эса «Севилья»да яна 2 йил қолиб, шундан сўнг 30 миллион фунт эвазига «Барселона»га ўтди. Дани Каталония клуби билан Ла Лигада 6 марта, Чемпионлар Лигасида эса 3 марта ғолиб чиқди.

«Бенитес даврида бундай ҳолатлар жуда кўп бўлган. Ё клубда трансферни дедлайнга қадар якунлаш учун пул бўлмаган, ё клуб трансфер борасида бир қарорга кела олмаган. Бу ҳақида гап кетганда хаёлга Симао ва Флоран Малуда ҳам келади. Уларни қўлга киритишимиз мумкин эди. Ҳатто Неманя Видич ҳам асосий трансфер мақсадимиз бўлган, бироқ кейин «Манчестер Юнайтед» кўпроқ пул таклиф қилиб, уни ҳам илиб кетганди», — дея ёдга олади «Ливерпуль»нинг Бенитес давридаги трансфер ишларига яқин кишилардан бири.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!