Ўзбекистон аэропортлари хорижий компаниялар бошқарувига тендер асосида топширилади. «Gazeta.uz»нинг хабар беришича, бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев 12 февраль, чоршанба куни, бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг айрим аэропортлари Россиянинг «Новапорт» компаниясига топширилиши ҳақида хабар берилган эди — 2019 йил май ойида имзоланган битимга мувофиқ, ширкат Самарқанд, Наманган ва Урганчдаги аэропортларни модернизация қилишга киришиши керак эди.
Бироқ кейинчалик Ўзбекистон ҳукумати ва «Новапорт» ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани, ҳукумат ушбу аэропортларни инвестор сўраётганидек 30 йил муддатга концессияга беришга тайёр эмаслиги маълум қилинган.
Анжуман давомида ОАВ вакиллари вазирдан республиканинг бир нечта аэропортларини Россиянинг «Новапорт» компанияси бошқарувига топширилиши тўғрисида сўраганда Ғаниев ҳозирда ушбу компания билан келишув мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, декабрь ойида Ўзбекистон аэропортларни модернизация қилиш ва бошқаришда иштирок этишга Япониянинг Sumitomo компаниясини таклиф қилган, аэропортни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда қатнаш учун эса Россиянинг «Фуқаро авиациясининг инновацион маркази» ва Германиянинг Airport Research Center’ни жалб қилган эди.
Элёр Ғаниевнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги аэропортларни бошқариш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорлик давлат-хусусий шериклик ёки концессия асосида амалга оширилади.
«Шу сабабли аэропортларни Япония ёки Россия компанияларидан бири бошқаради, деб айтишга ҳозирча эрта. Ҳаммасини тендер ҳал қилади», — дея қўшимча қилган Ғаниев.
Изоҳ (0)