Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилиши мумкин. Бу Президентнинг «‘Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилиъда амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳасида кўзда тутилган.

Давлат дастурига бағишланган фармон лойиҳасида Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи ва республиканинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахсларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига 1 апрелга қадар муддатда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминлаш, унда, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутиш:

  • прописка тартиби билан боғлиқ тўсиқларни изчиллик билан бекор қилиш;
  • пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни «ягона дарча» тамойили асосида амалга оширишнинг рақамлаштирилишини таъминлаш вазифалари топширилган.

Алоҳида қайд этишича, фармон лойиҳасида таъкидланишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка тартибини бекор қилиш тўғрисидаги таклиф «кенг жамоатчилик истакларини ва халқаро эксперт жамоатчилиги тавсияларини инобатга олган ҳолда», Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан берилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳукумат 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлаган эди.

«Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими — ички миграцияни эркинлаштиришдир. Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», — деган эди у.